“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида “Ўзбекистон 2030” стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ва қарори лойиҳаларининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда ЎЗННТМА ҳудудий бўлинмалари ходимлари иштирок этди.
Қайд этилдики, стратегия Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган бўлиб, 5 та йўналиш ва 100 та мақсаддан иборат. Аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, шу жумладан сув ресурсларини тежаш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш бўйича ислоҳотлар ҳамда мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий йўналишлари ҳисобланади.
Тадбирда лойиҳани янада такомилига келтириш мақсадида кенг жамоатчиликдан таклифлар олинаётганлиги, бунда ННТларнинг роли муҳимлиги қайд этилди. Сабаби, Стратегияда фуқаролик жамияти институтлари учун ҳам алоҳида мақсадлар белгиланган.
Хусусан, Стратегиянинг 83 мақсадида журналист ва оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириб, уларнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш, очиқлик сиёсатини изчил давом эттириб, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини қатъий кафолатлаш, ижтимоий шерикликда амалга ошириладиган лойиҳалар сонини камида 3 бараварга кўпайтириш, Давлат дастурларида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини камида 80 тага етказиш белгиланмоқда.
Ўз навбатида ННТлар вакиллари ва ЎзННТМА ҳудудий бўлинмалари ходимлари томонидан мазкур мақсадлар юзасидан қатор таклифлар билдирилди. Айниқса, фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларини давлат томонидан молиялаштириш ҳажмини камида 2 бараварга ошириш масалалси тадбир иштирокчилари томонидан қизғин муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муммоларни жойида ҳал этиш, маҳаллалар имкониятини кенгайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ижтимоий шерикликнинг самарасини ошириш масалалари юзасидан ҳам қатор таклифлар илгари сурилди.
Қайд этиш лозим, шу кунга қадар “Ўзбекистон 2030” стратегияси учун ЎзННТМАнинг аъзолари томонидан 50 га яқин таклифлар юборилди.