Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев Тошкент вилоятида фаолият юритаётган ННТлар вакиллари билан учрашиб, уларнинг иш шароитлари, жой билан таъминланганлиги, қолаверса, улар фаолиятидаги муаммоларни ўрганмоқда.
Ана шундай учрашувларининг навбатдагиси Янгийўл шаҳри, Янгийўл ва Зангиота туманларида бўлиб ўтди.
Ўрганишларда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раҳбари, ЎзННТМА ходимлари бевосита иштирок этишди.
Дастлаб, Тошкент вилоятидаги “Дугоналар” ногирон аёллар жамиятига ташриф буюрилиб, жамият раиси Ш.Мустафаева билан суҳбатлашилди.
Ш.Мустафаеванинг маълум қилишича, “Дугоналар” ногирон аёллар жамияти Янгийўл шаҳридаги хусусий тадбиркорга тегишли бўлган бинодан бепул фойдаланиб келмоқда. Имконияти чекланган опа-сингилларимизни касбга ўргатиш, қолаверса, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида жамият фойдаланаётган бинонинг орқа томонидан бўш турган 2,7 сотих ер майдонига бино қўриб беришда амалий ёрдам сўради.
Худди шундай, Янгийўл туман Татар маданий маърифий маркази ҳамда Янгийўл шаҳар Рус, Корейс миллий маданий марказлари раҳбарлари билан ҳам олиб борилган суҳбатлардан маълум бўлдики, марказлар фаолият юритиши учун махсус хоналар ажратилмаган. Марказ раҳбарлари бунга ечим сифатида Янгйўл шаҳаридаги янги қурилган шаҳар Маданият марказидан хона ажратиш имкони борлиги билдиришди ва буни амалга ошириш учун ЎзННТМА Кенгаши раисига мурожаат қилишди.
Шу билан бирга вилоятнинг Зангиота туманида ҳам фаолият юритаётган бир нечта ННТлар иши ўрганилди. Аниқландики, Ўзбекистон ёнғинга қарши кураш жамияти Зангиота туман бўлими ва Ўзбекистон ёнғинга қарши кураш жамияти Тошкент вилоят ҳудудий бўлинмаси фаолиятида айрим муаммолар мавжуд экан.
Хусусан, ушбу ННТлар раҳбарлари уларнинг фаолиятига давлат ташкилоти томонидан тўсқинлик қилинаётганлиги, қолаверса, Ўзбекистон ёнғинга қарши кураш жамиятига таълуқли бино Тошкент шаҳар ҳокими қарорига асосан олиб қўйилаётгани сабабли Судга даво аризасини киритишга ва давлат ташкилотларига тушунтириш олиб боришлари учун ҳуқуқий маслаҳат зарурлигини айтиб, мазкур муаммолар ҳал этилгунга қадар малакали ҳуқуқшунос бириктиришда амалий кўмак зарурлиги билдиришди.
—Жой масаласида туман мутасаддилари ва ҳокимликлари билан маслаҳатлашув ўтказишни ўз олдимизга режа қилиб олдикки, ННТлар муносиб шарт-шароитда ишласин, эзгу мақсадларини эмин-эркин амалга оширсин, - дейди ЎзННТМА Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев. —Ҳуқуқий кўмак сўраган ННТларга эса, аввало улар фаолиятига бўлаётган тўсқинликларни чуқур ўрганамиз, кейин “Мадад” ННТ вакиллари билан келишган ҳолда ҳуқуқий ёрдам кўрсатамиз. Мақсадимиз, ННТларни ҳам ҳуқуқий, ҳам услубий, ҳам амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш.
ЎзННТМА Тошкент вилоят ҳудудий бўлинмаси