Ҳунарманд ва ишбилармон аёллар доимий эътиборда

Бугун юртимизда миллий ҳунармандчилик турларини, касаначиликни ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва шу асосида хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жойларда тадбиркор, ишбилармон ва ҳунарманд аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш борасида талай ишлар амалга оширилаётир.

 

Маълумки, Самарқанд вилоятининг қатор туманларида ҳунармандчилик турлари, жумладан, миллий гиламчилик ҳунари кенг тарқалган. Момоларимиздан мерос бу ҳунар кўплаб хотин-қизларнинг доимий иш фаолиятига айланган, оилаларнинг асосий даромад манбаи бўлиб келмоқда. Масалан, Нуробод тумани Олға қишлоғида яшовчи Хосият Жўраева гиламчиликнинг сир-асрорларини пухта эгаллаб, шу ҳунар орқасидан рўзғорини обод қиляпти. Шу билан бирга, маҳалласидаги 6 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаб, уларга ҳам ҳунар ўргатяпти.

 

— Момомлар ва онамлар гилам тўқиб рўзғор тебратишган, — дейди у. — Деярли кўплаб оилаларда гилам тўқиш дастгоҳларини учратиш мумкин эди. Кимдир бу ҳунар орқали оила тебратса, кимдир рўзғорида фойдаланган. Қизлар ўз сепини ўзлари тўқиган гилам ва пойандозлар билан безаган. Бугун ҳам туманимизда бу анъана сақланиб қолган. Бувим тўқиган қоқма гиламларни такомиллаштириб, олти киши бирдан тўқийдиган дастгоҳларни қурганмиз. Гиламнинг дарахтча, чинақай, тароқча, етти такча, атлас нухсалари харидоргир. Айниқса, чинақай гиламларимизга эътибор катта. Бу гиламимиз майда катакчалардан иборат бўлиб, тўқиш бироз қийинроқ. Лекин ўзига хос жимжимадор. Битта 4 метрга 2 метр чинақай гилам тўқиш учун тахминан 20 кило қора, жигар, оқ рангли жун, бўёқлар сарфланади. 6 киши 5-6 кунда тўқийди. Ушбу гиламларга ўртача 700 минг ҳаражат қиламиз, 1 200 000  сўм атрофида сотамиз. Маълум вақт бу гиламларга эҳтиёж пасайди. Кетган харажатингизга ҳам оладиган харидорлар йўқ эди. Аммо шунақа қийин вазиятда ҳам ҳунаримни ташлаб қўймадим. Яқинда банкдан 20 миллион имтиёзли кредит олиб, тўқув дастгоҳлари, жун ва бўёқлар сотиб олдим. Эндиликда фаолиятимизни янада кенгайтириш ниятидаман.

Дарҳақиқат, ҳунарли киши хор бўлмас. Бугун юртимизда яратилаётган имкониятлар эса ҳунар эгаларига янги қулайликларни тақдим этмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 26 июнь куни қабул қилинган “Республикада қўлда тўқилган гиламчилик соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қўлда гилам тўқишни ривожлантириш, гилам тўқийдиган ҳунармандларга субсидиялар ажратиш орқали уларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур қарор гиламчиликни янада ривожлантириш орқали қишлоқ жойларда аёлларнинг бандлигини таъминлаш, рўзғорини обод қилишга қаратилгани билан ҳам эътиборли. Унга кўра, қўлда тўқилган гиламларни экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилиши, 2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Тошкент шаҳрида шарқона қўлда тўқилган гиламлар (Hand-made Oriental Carpets) халқаро фестивали ўтказилиши, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида туристлар ташриф буюрадиган маданий мерос объектлари ҳудудларида қўлда тўқилган гиламлар кўргазма-савдо расталари (дўконлари) ташкил қилиниши белгиланган. Шунингдек, «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси таркибидаги қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳини харид қилиш учун харажатларга – ҳар бир дастгоҳ учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида субсидиялар ажратилиши ҳам нафақат Нурободда, балки бошқа ҳудудларда ҳам гиламчиликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Ўзбекистон ишбилармон аёлларининг "Тадбиркор аёл" ассоциацияси Пахтачи туман муассасаси раҳбари Мавжуда Аманова ҳам тумандаги ҳунарманд, тадбиркор хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ишларига бош-қош бўлиб келади. Мазкур муассаса ҳамда туман адлия бўлими, солиқ инспекцияси мутахассислари ҳамкорликгида тадбиркорликка қизиққан хотин-қизлар учун қатор ўқув-семинарлар ўтказиб келинади. Уларни қизиқтирган саволларига жавоб қайтарилиб, фаолиятини ривожлантириш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилади.

 

Бир сўз билан айтганда, Самарқанд вилоятида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги шилар изчил давом эттирилмоқда. Мазкур жараёнларда ноавлат нотижорат ташкилотлар ҳам фаол иштирок этаётгани, соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатлар моҳиятини аҳоли ўртасида тарғиб қилишга ҳисса қўшаётгани эътиборга молик.