Ўқув-курслари ташкил этиш учун бинолардан бепул фойдаланиш мумкин

Нукус шаҳридаги “Дўстлик уйи”да Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг кўшимча чора-тадбирлари туғрисида”ги Фармонининг аҳамияти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида ННТлар вакиллари учун тарғибот тадбири ташкил этилди.

Йиғилишда Адлия вазирлиги масъуллари Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳудуд учун фойда солиқ ставкаси 15 фоиздан 7,5 фоизга туширилганлигини, айланма солиқ ставкасини Нукус шаҳрида 4 фоиздан 2 фоизга, туманларда 2 фоиздан 1 фоизга, олис ҳудудларда эса 1 фоиздан 0,5 фоизга пасайганлигини, бундан ташқари, жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари учун режадаги 650 млрд. сўмга қўшимча равишда 200 млрд. сўм ажратилганлиги ҳамда экин экиш харажатлари учун фермерларга 200 млрд. сўм ва деҳқонларга 50 млрд. сўм ажратилганлигини айтиб ўтди.

Қолаверса, бўш турган давлат объектларида ёшлар ва хотин-қизларни хорижий тиллар ва IТ соҳасига ўқитиш курсларини ташкил этиш имкониятини яратиш, ушбу объектларни тадбиркорларга 5 йилгача бепул фойдаланишга берилганлиги, Қўнғирот, Нукус ва Чимбой туманларида 4 та “Ишга марҳамат” моно-марказларини ташкил этиш, фақат Қорақалпоғистонлик ёшлар учун мамлакатимиздаги барча олийгоҳларга алоҳида 6,5 мингта қабул квоталари жорий этилганлиги фахр билан тилга олинди.

Тадбир иштирокчилари бу каби имкониятларни қорақалпоқ халқи жуда катта мамнуният билан кутиб олганлигини ва буларнинг барчаси келажакда ҳар томонлама юксалиш учун амалга оширилаётганлигини эътироф этишди.

Шунингдек "Шанарак" илмий, ижтимоий, гуманитар ва ёшлар ташаббуслари маркази, Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмасининг Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси “Махсус олимпиадаси” жамоат бирлашмаси раҳбарлари сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томомнидан Қорақалпоғистон Республикаси учун яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ёшларни билим олишга, тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратишга чақирди.

ЎзННТМА Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси