2023 йил 6 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари якунланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Таъкидландики, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида устувор мақсад этиб, фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш белгиланди.
Шундан келиб чиқиб, Республикамизда фаолият юритаёган 9 мингга яқин нодавлат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда институционал тизимини такомиллаштириш мақсадида нодавлат ташкилотларга маҳаллий бюджетдан маблағ ажратишнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, ҳар бир ҳудудда алоҳида маҳаллий фондлар ташкил этилди.
Натижада, ННТларнинг фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган улуғвор мақсадларини рўёбга чиқариш учун ўтган 2022 йилда давлат томонидан қарийб 113 млрд. сўм маблағ ажратилди. 2023 йил учун эса, 220 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.
Қолаверса, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, сўнгги 5 йилда нодавлат ташкилотлар фаолиятига қулайликлар яратиш, жамоатчилик назорати таъсирчанлигини кучайтириш, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Ва энг муҳуми, жорий йилнинг 1 май санасида кучга кирган Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида алоҳида “Фуқаролик жамияти институтлари” боби киритилди. Бу Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган изчил сиёсатга уйғун ва ҳамоҳангдир.
Сўз олганлар қайд этдики, ушбу тизимли ва изчил ислоҳотларнинг бевосита иштирокчиси бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг замонавий билим ва малакага эга бўлишлари муҳим аҳамиятга эга.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган устувор вазифалар асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида жорий йилнинг ўзида икки босқичда 75 нафардан 150 нафар ННТлар раҳбарларининг малакаси ошириш режалаштирилди.
—Биринчи босқичда таҳсил олган 75 нафар ННТлар раҳбарлари учун ташкил этилган 10 кунлик ўқувлар ўз ниҳоясига етди, - деди ЎзННТМА Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев. —Унда тингловчилар жамиятимизда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни такомиллаштириш ва халқаро тажриба бўйича энг замонавий назарий билимлар билан танишиш баробарида, давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали ташкил қилиш, иш вақтини оқилона тақсимлаш, инсон ресурсларини бошқариш, шахсий самарадорликка эришиш, бошқарув компетенцияларини ривожлантириш ҳамда Янги Конституцияга киритилган нормалар ижросини таъминлаш масалалари бўйича ҳам чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлдилар.
Назарий билимлар ва амалий кўникмалар асосида ўтган ўқувларни муваффақиятли тамомлаган ННТлар раҳбарларига Давлат бошқаруви академиясининг сертификатлари топширилди. Энди ушбу сертификатни қўлга киритган ННТлар раҳбарлари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси қошида ташкил этилган “Тренерлар штаби” аъзолигига қабул қилиниб, ҳудудларда ННТ вакиллари учун ўтказиладиган семинарларда иштирок этади ва уларнинг иш фаолиятини янада яхшилашда, ижтимоий лойиҳалар ёзишда яқиндан кўмаклашади.
Жорий йилги малака ошириш кусрининг иккинчи босқичи октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Унда ҳам 75 нафар ННТлар раҳбарлари саралаб олиб ўқитилади.
ЎзННТМА Ахборот хизмати