Тинчлик ва барқарорлик йўлидаги самарали ҳамкорлик

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, SAWERWORLD Буюк Британия, Америка Қўшма штатлари Тинчлик институти, Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги Пробация хизмати ҳамда “Истиқлол авлоди” ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази ва Республика “ISTIQBOLLI AVLOD” ижтимоий-ахборот маркази билан ҳамкорликда “Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг алоҳида ижтимоий тоифага кирувчи  оилаларни реинтеграция қилиш жараёнларида Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда асосий эътибор 2021 — 2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш юзасидан «Йўл харитаси»нинг ижросини таъминлаш масалаларига қаратилди.

Таъкидландики, Тараққиёт стратегиясида белгилаб олинган асосий вазифалар ижросини амалга оширишда “Барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун” деган устувор ғоя асосида инсон омили, унинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга катта эътибор берилмоқда. Қолаверса, шу кунларда юртимизда олиб борилаётган Конституциявий ислоҳотларда ҳам аҳолимиз томонидан инсон манфаатлари ҳар нарсадан устуворлиги, унинг эзгу орзу-умидларини, оилалар мустаҳкамлигини, юртимиздаги тинчликнинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қиладиган бир қатор таклифлар билдирилмоқда.

Қайд этиш керакки, мамлакатимизда олиб борилаётган мазкур жараёнларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзларининг ижтимоий лойиҳалари билан фаол иштирок этмоқда. Хусусан, энг чекка, олис ҳудудлар ҳаётига дадил кириб бораётгани, фуқароларнинг турмуш сифатини яхшилашга йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда маҳаллаларда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ёшлар ва аёлларнинг муаммоларини ўрганиш, қолаверса, турли тазйиққа учраган аҳоли қатлами билан ишлаш, жиноят содир этишга мойил, маъмурий ва пробация назоратига олинган ҳамда ёт бўлган ғоялар таъсирига тушиб қолган шахсларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш борасида амалга ошираётган ишлари диққатга сазовор.

Давра суҳбатида сўз олган соҳа вакиллари мазкур масалаларда юртимизда эришилган тажрибаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Жумладан, Жиззах, Наманган ва Тошкент вилоятларида ННТлар томонидан маҳалла фаоллари, давлат ташкилотлари ва тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда ҳудудларда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, фуқароларни қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса ёшлар ва аёллар ўртасида жиноятчиликни олдини олишда жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликни мустахкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда мустаҳкам фуқаролик позицияси ва ўзликни шакллантириш борасида ижтимоий лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда.

—Ушбу лойиҳалар доирасида шу кунга қадар аҳоли ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда экстремизмга ва бошқа салбий иллатларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олиш борасида 4 минг дан ортиқ  хотин-қизлар ҳамда ёшлар қамраб олинди, - дейди ЎзННТМА Кенгаши раҳбари К.Ишанходжаев. —Илгари судланган, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ва ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турувчи оилалари вакиллари, аёллар, одам савдосидан жабрланган, оилада тазйиқ ва зўровонликка учраган шахслар ва уларнинг оила аъзолари бўлган жами юздан ортиқ фуқаролар махсус ишлаб чиқилган реабилитация ва мослаштириш дастурларида қатнашди.

—Биргина Жиззах вилоятида маҳалла фуқаролари йиғинлари кафиллигида ННТ вакилларидан таркиб топган Ишчи гуруҳлари ташаббуси билан 18 нафар аёллар ва ёшларга ўз тадбиркорлигини бошлашлари учун жами 312 млн. 500 минг сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилишига, 22 нафарини доимий иш жойи билан таъминланишига, 24 нафар фуқаро бепул тиббий ёрдам олишига, 13 нафар ёшларга 0,5 – 1,0 гектаргача дехқончилик фаолиятини юритиш учун экин ерлари ажратилишига ҳамда 37 нафар фуқаронинг турли йўналишдаги бепул касбий таълим олишлари учун имконият яратиб берилди, - деди ЎзННТМА Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Н.Камалова. —Шунингдек, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ёшлар ва хотин қизларни касбий маҳоратга эга бўлишларини таъминлаш мақсадида, тикув цехлари ташкил этилиб, 100 дан ортиқ опа-сингилларимиз касб-ҳунарга ўқитилган бўлса, 47 нафар аёллар ва ёшлар доимий иш билан таъминланди.

Давра суҳбатида мазкур лойиҳаларни республика бўйлаб давом эттириш, ҳудудларда ҳуқуқбузарлик профилактикаси самарадорлигини ошириш, ижтимоий шериклик асосида лойиҳада иштирок этувчи Ишчи гуруҳ вакилларини ўқитиш, йўналишга оид вазирлик ва идораларни жалб қилиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш борасида тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, хорижий ташкилот вакиллари иштирокида жамоат хавфсизлиги ёндашувлари ва жамоатчиликка йўналтирилган ҳаракатлар режалари ижросининг Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашда давлат идоралари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда шунингдек, Пробация хизмати назорати остидаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, жамиятга мослаштириш, уларга касб-ҳунар ўргатиш ва бандлигини таъминлаш бўйича жойлардаги ННТлар билан ҳамкорликда иш ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги Пробация хизмати ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўртасида Меморандум имзоланди.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат

ташкилотлари миллий ассоциацияси.