Тошкентда Марказий Осиё минтақасида ҳуқуқ соҳасидаги муҳим воқеалардан бири ҳисобланган “Tashkent Law Spring” III Халқаро юридик форуми бўлиб ўтди.
Ушбу форум Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан БМТ, «Regional Dialogue» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ва бошқа ҳамкорлар иштирокида ташкил этилди.
Форумнинг асосий мавзуси — «Фундаментал ҳуқуқлар – абадий қадриятлар». Форум ҳуқуқ соҳасидаги замонавий илм-фан ютуқларини Ўзбекистонда ва жаҳонда оммалаштиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.
«Tashkent Law Spring» халқаро, хорижий ва маҳаллий экспертлар томонидан фундаментал ҳуқуқлар призмаси орқали замонавий ҳуқуқий тенденцияларни муҳокама қилиш учун очиқ платформа вазифасини бажарди.
Бу галги форумда 20 дан ортиқ давлат вакиллари, шу жумладан Арманистон, Беларус, Буюк Британия, Германия, Грузия, Озарбайжон, Россия, Руминия, Саудия Арабистони, Сингапур, Словения, Туркия, Япония каби давлатлардан экспертлар иштирок этди.
Икки кун давомида 16 та муҳокама сессияси бўлиб ўтди. Унда 132 та маърузалар билан халқаро ва маҳаллий экспертлар замонамизнинг долзарб ҳуқуқий масалаларини муҳокама қилиши ва илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, уларни мақбул ҳал этиш масалалари билан иштирок этишди.
Хусусан, “Давлат идоралари ва ННТлар ўртасида ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини ривожлантириш: ислоҳотлар, муаммолар ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида ЎзННТМА вакили ҳам ўз маърузаси билан иштирок этди.
Шунингдек, Халқаро анжуманда муҳокама сессиялари, давра суҳбатлари, маҳорат дарслари, халқаро ва миллий экспертларнинг тақдимотлари ҳам бўлиб ўтди.