Ташаббус ва ғояларни ҳаракатга келтирайлик!

Муҳтарам Президентимиз Олий Мажлисга қилган тарихий Мурожаатномада тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шартлигини эътироф этар экан, “Халқаро ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш индекси” бўйича юқори поғоналарга кўтарилишимиз лозим эканлигига алоҳида урғу берди. Рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири эканлиги белгилаб берилди. 
 
Шунингдек, барча олий мақсадларимизга илму фанни ривожлантириш, давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали эришишимиз мумкинлиги тўғрисидаги бунёдкор ғоя тарафдори эканлигимни яна бир бор эътироф этмоқчиман.
 
Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаши ва ривожланган давлатлар қаторида бўлиши бугун мамлакатимизда амал қилаётган янги ислоҳотларга, одамларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга йўналтирилган инновацион ёндашувларимизга кўп жиҳатдан боғлиқ.
 
Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва улар амалга ошираётган инновацион ғоялар жуда муҳим.
 
Илм билан инновация уйғунлиги ғояси бир неча йиллардан буён қизғин ва самарали фаолият олиб бораётган Нодавлат нотижорат ташкилотларининг аниқ, манзилли, илмий-тадқиқот ва ишланмаларига ҳам мазмун бағишлаяпти.
 
Кўплаб ривожланган мамлакатлар иқтисодиётида бўлгани сингари биз олдимизга катта мақсадларга эришиш учун жадал реформалар ўтказишимиз, бу борада инновацион ривожланишга асосий эътиборни қаратишимиз керак. Бу ташаббусларнинг бош ислоҳотчиси сифатида ҳаракат олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари катта масъулиятни зиммасига олди.
 
Сўнги пайтларда муҳандислик таркибини янада такомиллаштириш эвазига нодавлат нотижорат ташкилотлари жамиятнинг интеграциялашган ташкилотига айланиб улгурди. Эндиликда биз эътиборни янги услубларни амалиётга татбиқ этишга қаратмоғимиз керак. Боиси, ҳозирги замон талаби шу. Рақамли иқтисодиётга эҳтиёж сезилаётганлигининг сабаби ҳам шунда. Инсон капиталига талаб кун сайин ошиб бораётган тараққиёт ва ривожланиш жараёнида тараққий этган давлатлар билан айнан шу йўналишда ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз.
 
Бунинг учун биз ННТларнинг халқаро тажриба майдонидан ўринни эгаллашига асосий эътиборни қаратмоғимиз керак. Мен инсонни ҳаракатга келтирадиган ҳар қандай яхши ташаббус ва йилт этган янги ғояни интеллектуал маҳсулотга қиёслайман. Бу эса илм ва ҳаракат дегани. Худди шу илмий салоҳият орқали жамият ривожига тўсиқ бўлаётган ҳар қандай қийин масалаларга осонлик билан ечим топиш мумкин.
 
Демак, интеллектуал ресурсларимизнинг асосини инсон ва эгаллаётган билимлар жамланмаси ташкил этади. Иқтисодий ва маънавий ривожланишнинг асосий фактори ҳам айнан шу бебаҳо манбага бориб тақалади. Иқтисодиётнинг ривожланиш палласида билим стратегик аҳамиятга эга. ННТ бу борада жамият талабини ўрганиб ҳар бир соҳанинг асосий ричаги сифатида рақамли иқтисодиётни татбиқ этиш тенденциясини илгари сурмоқда. Давлат хусусий шерикчилик асослари эса бу ҳамкорликнинг бошида туради.
 
Президентимизнинг шу олий мақсадимизни амалга ошириш учун жамоатчилик назорати фаолиятига кенг имконият яратиб бераётгани бежиз эмас. ННТлар бундан кейин Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ўрнатилаётган мақсадли ҳамкорликда бу масалага алоҳида ёндашмоқда.
 
Президентимиз барчамизни айнан шу соҳадаги билимларни мустаҳкамлаш ва жамиятимиз ҳаётига татбиқ этишга ундаётган экан, биринчи галдаги вазифамиз ҳар биримиз фаолиятимиз давомида инновацион ишланмаларни чуқур ўрганиш, ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, рақамли иқтисодиётнинг чексиз имкониятларидан фойдаланишда кўникма ҳосил қилиш.
 
Ноодатий инновацион ғояларни рўёбга чиқаришда эса илмга, маърифатга суяниб, асосий эътиборни жамоатчилик институтлари ва давлат ўртасида кўприк ҳосил қилишга қаратилган ёндашувлар зарур. Халқаро синов тажрибасидан ўтган бундай ишланмалар билан биз менежментлик муносабатларида янгича қараш ва шаклларни режалаштирмоқдамиз. Назаримда, инновацион ғоялардан фойдаланишда ташкилотлар ташаббус билан чиқиши, маҳаллий ҳокимиятлар эса илм ва амалиётнинг уйғунлашувига кўмаклашишга доим тайёр бўлиши керак. Илмий тадқиқотларни инновацияга айлантиришда бошқа бир мамлакатлар услубини айнан кўчириш эмас, ҳудудлар шароити ва минталитет талабидан келиб чиқиб ғояларни ҳаракатга киритиш лозим, деб ўйлайман.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти таъбири билан айтганда, халқнинг ўзидан фикр олиб, кейин уни қонуний мустаҳкамлаш ғояси амалиётга кўчиши керак.
 
Мамлакатимиз ижтимоий сиёсий ҳаётида халқчиллик билан амалга оширилаётган барча ишларда мана шундай дадил назария илгари сурилаётган экан, бу ташаббусли умумҳаракатда барчамизнинг иштирокимиз бўлмоғи керак.
 
Режалар улкан истиқболли интилишлар замирида эса одамлар ва уларнинг катта-кичик мақсадлари мужассам. Ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва янги ғояларни ҳаётга татбиқ этишда бугун фаолият бошлаган халқ депутатларининг ўрни ва фидоийликлари шунингдек, сизу бизнинг дахлдорлигимиз нақадар зарур.
 
Саодат Турсунбоева,
“Sharq Ayoli” Халқаро аёллар жамоат фонди раиси,
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши аъзоси,
Тошкент вилоят Кенгаши депутати