ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ ЛОЙИҲАСИНИНГ МУҲОКАМАСИ ДАВОМ ЭТАДИ

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан биргаликда Янги Ўзбекистоннинг 2022—2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасини муҳокама қилишга қаратилган туркум мулоқотларини давом эттиради.

Галдаги мулоқот куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Лойиҳа муҳокамасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, сиёсий партиялар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, Ёшлар парламенти, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари офлайн ва онлайн тарзда иштирок этди. Дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясинининг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди.

7та устувор йўналиш, 94 мақсаддан иборат мазкур Стратегиянинг олий мақсади сифатида инсон қадрини юксалтириш, эркин фуқаролик жамиятини янада юксалтириш, маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш белгиланган. Жумладан, маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатларини кенгайтириш, уларнинг молиявий мустақиллигини кучайтириш, фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштирокини ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани таъминлаш, маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, барча маҳалла раисларида бошқарув асослари, бандликни таъминлаш, банк-молия, томорқа, ер, чорвачилик ва паррандачилик бўйича кўникмаларни шакллантириш кўзда тутилган.

Тадбирда «давлатчилик маҳалладан бошланиши», Конституцияга ҳам маҳаллага оид боб киритиш, маҳалла институтларининг янги ҳуқуқий механизмларини яратиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Муҳокамаларда ҳам фуқароларнинг кўпроқ маҳалла институти йўналишига қизиқиши катталигини кўриш мумкин. Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти, ўқитувчилар ва шифокорлар ойлик маошларини босқичма-босқич  1 000 доллар эквивалентига етказиш масаласида билдирилаётган таклифлар кўп.

Ёшлар иштирокида ўтказилаётган мулоқотларда маҳаллаларда ижтимоий таҳлил, аҳолининг демографик ҳолатини ўрганишнинг аниқ мезонлари йўқлиги долзарб масала сифатида қаралган. Шу боисдан маҳаллаларда ижтимоий тадқиқотлар олиб бориш, туманларда шу каби тадқиқотларни олиб борувчи марказлар ташкил этиш таклифлари берилмоқда. Халқ депутатлари кенгашларида «Депутатлар рейтинги»ни эълон қилиш ва улар фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш масаласи ҳам кун тартибига олиб чиқилиши кераклиги айтиляпти.

Тадбир иштирокчилари, шунингдек, давлат ва жамият қурилишини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиёт, суд-ҳуқуқ тизимини, ижтимоий соҳани либераллаштириш, прагматик ташқи сиёсат юритиш бўйича ҳам ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Маълумот учун, шу кунга қадар ўтказилган муҳокамаларда 400 дан зиёд ННТлар вакиллари, 200 дан зиёд хориждаги ватандошлар, 100 дан зиёд сенатор ва депутатлар, 500 дан зиёд маҳаллий депутатлар  иштирок этди. «Юксалиш» ҳаракатининг  13 минга яқин аъзоларидан ҳам 1 000 дан зиёд таклифлар келиб тушди.  Дунёнинг нуфузли 500 та «ақл марказлари»га Тараққиёт стратегияси лойиҳаси хорижий тилларга таржима қилинган ҳолда юбориляпти.

Эслатиб ўтамиз, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси айни пайтда regulation.gov.uz, jamoatchilik.uz ва 2022-2026.strategy.uz электрон платформалари орқали кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиняпти. Платформалар орқали фуқароларга ўз таклифларини ёзиб қолдириш имкониятлари ҳам яратилган.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.