ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ ЛОЙИҲАСИ ННТ ВАКИЛЛАРИ ИШТИРОКИДА МУҲОКАМАДАН ЎТКАЗИЛДИ

“Тараққиёт стратегияси” маркази платформаси орқали “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси” лойиҳаси мамлакатимизда фаолият юритаётган жамоат, давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда давлат гранти ва ижтимоий буюртмаларни амалга ошираётган фаол ННТ вакиллари иштирокида муҳокамадан ўтказилди.

Унда шунингдек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.

Ҳужжат лойиҳаси юзасидан кенг жамоатчиликнинг таклиф ва ташаббусларини йиғиш ва уларни умумлаштириш мақсадида ташкил этилган мазкур муҳокамада “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси” лойиҳасидаги барча йўналишлар бирма-бир кўриб ўтилиб, уларда белгиланган мақсадлар моҳияти очиб берилди.

Айниқса, “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” йўналишида илгари сурилган масалалар қизғин муҳокама этилди.

Хусусан, маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ислоҳотлар жараёнида жамоатчилик назоратини кучайтириш ва фуқаролар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг шу йўналишдаги ролини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, нодавлат ва нотижорат ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди.

—“Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси” лойиҳаси Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ходимлари, қолаверса, жойлардаги ассоциацияга аъзо ННТлар ўртасида ҳам қизғин муҳокама этилиб, нафақат ўз йўналишимизда, балки ҳужжат лойиҳасида келтирилган бошқа йўналишлар бўйича ҳам таклифлар олинмоқда ва онлайн платформаларда ушбу таклифлар ўз аксини топмоқда. Қолаверса, бизга барча вилоят, туман ва шаҳарлардан уч юзга яқин  таклифлар келиб тушган. Албатта, мазкур таклифларни саралаб, йўналишларга ажратга ҳолда “Тараққиёт стратегияси маркази”га тақдим этамиз. Зеро, ҳар бир билдирилган фикр, таклиф ортида халқимизнинг орзу-умидлари, эртанги кунга бўлган ишончи бор, - дейди ЎзННТМА  Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев.

Шунингдек, жамоатчилик муҳокамаси, мониторинги, экспертизаси ва жамоатчилик фикрини ўрганиш сингари назорат шакллари қаторига мазкур йўналиш таъсирчанлигини янада оширувчи янги механизмларни жорий қилиш, жойларда ташкил этилган жамоатчилик кенгашлари таркибига замонавий билимларни эгаллаётган, фаол ёшларни жалб қилиш ҳамда ННТлар фаолиятида тадбиркорлик элементларини қўллаш бўйича мақбул тажрибаларни ўрганган ҳолда уларни амалиётга тадбиқ этиш тўғрисида ҳам фикрлар билдирилди.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси

Матбуот хизмати.