Мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссиялари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, ЎзННТМА ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Ўзбекистон экологик ҳаракати, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан ташкил этилмоқда.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳудуддаги долзарб ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссиялари, ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига методик ёрдам кўрсатишдан иборат.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси аъзолари, маҳаллий давлат бошқаруви ва ижро органлари вакиллари, ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ва фаоллари иштирок этиши режалаштирилган (ҳар бир вилоятда 100 дан ортиқ киши).
Тадбир давомида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-инсонпарварлик соҳасида амалга ошириш лозим бўлган вазифаларни янада кучайтириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллик муносабати билан Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди ташкил этилаётган қўшимча 7- ва 8- давлат гранти танловларининг устувор йўналиши ва мавзуси бўйича бир қатор таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Мазкур тадбирлар Сурхондарё, Қашқадарё (18 июль), Самарқанд, Тошкент (19 июль), Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳри (20 июль) ҳамда Сирдарё вилоятида (21 июль) ўтказилиши белгиланган.
ЎзННТМА ахборот хизмати