Ҳозирги вақтда Сирдарё вилоятида 434 та нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 156 таси Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига аъзо.
Ушбу аъзолар сафини кенгайтириш, ННТларга ҳуқуқий кўмак ва консультатив хизматлар кўрсатиш мақсадида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.
Унда ННТ фаолиятига давлат органлари ва ташкилотларининг аралашуви, фаолият кўрсатиши учун хизмат хонаси ва моддий техника базани шакллантириш, ННТ раҳбарини ўзгартиришда ҳужжатларни расмийлаштириш, ННТ фаолиятини туман миқёсидан вилоят миқъёсига ўзгартириш, ННТлар учун коммунал тўловлар, ногиронлиги бор шахсларнинг бандлигини таъминлаш учун ташкил этилган тикувчилик цехини кенгайтириш учун жой ҳамда маҳсулотларини сотилишида амалий ёрдам сўраб ўндан ортиқ ННТлар мурожаат қилишди.
Мурожаатлардан келиб чиқиб, 2 нафар ННТнинг янги раҳбарини сайлаш ва вилоят адлия бошқармасига топшириладиган ҳужжатлар бўйича тушунтиришлар берилди, 1 нафар ННТга фаолият ҳудудини туман миқёсидан вилоят миқёсида фаолият кўрсатиши бўйича уставига ўзгартириш киритиш бўйича кўмак кўрсатилди, 1 нафар ННТга фаол ва молиявий барқарор, самарали фаолият кўрсатиши учун Жамоат фондидан давлат субсидияси маблағини сўраш учун керакли ҳужжатлар расмийлаштириш тартиби, давлат субсидияси маблағларини олиш учун асослантирилган сабаблар кўрсатиш бўйича тушунтиришлар берилди, яна 1 нафар ННТнинг фаолиятига давлат органлари ва ташкилотларининг аралашуви юзасидан ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат органларининг ННТлар фаолиятига аралашган тақдирда тегишли тартибда назорат қилувчи органлар ва судларга мурожаат қилиш тартиби ва хужжатлар расмийлаштирилиши юзасидан ҳуқуқий ёрдам берилди.
“Очиқ эшиклар куни”да қабул қилинган ННТларга Жамоат фондлари томонидан эълон қилинаётган давлат грантлари ва ижтимоий буюртманомалари танловида фаол қатнашишлари, давлат дастурларида белгилаб берилган устувор вазифаларни бажаришда давлат органлари ва ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни йўлга қўйиш, амалга ошираётган ишларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш орқали аҳолининг хабардорлигини ошириш, давлат органлари ва ташкилотларидаги Жамоатчилик Кенгашларига аъзо бўлган ҳолда жамоатчилик назоратини кучайтиришда фаол бўлиш кераклиги, ҳукумат томонидан эълон қилинаётган қонун, қарор лойиҳалари муҳокамасида таклиф ва тавсиялари билан фаол иштирок этишларини тавсия этилди.
ЎзННТМА Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси