Семинар йиллик ҳисоботларни тайёрлаш ва топширишнинг муҳим жиҳатларига бағишланди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда ЎзННТМА томонидан ННТларнинг Адлия вазирлигига ҳисоботларни ўз вақтида ва тўғри топширишларини ташкил этиш бўйича “#Siz_hisobot_topshirdingizmi” хэштеги остида акция бўлиб ўтмоқда.

Жойларда мазкур акция доирасида туркум семинарлар ташкил этилмоқда. 

Ана шундай семинарнинг навбатдагиси ЎзННТМА Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан вилоят Адлия бошқармаси мажлислар залида "Йиллик ҳисоботларни тайёрлаш ва муҳим жиҳатлари" мавзида ўтказилди.

Семинар аввалида вилоят ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар котибияти мудири Мурод Абдуразақов сўзга чиқиб, ННТларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бунинг натижасида ННТлари фаолиятидаги ижобий ўзгаришларга тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, семинар кун тартиби бўйича Наманган вилоят Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Зулфия Ахмедходжаева “Нодавлат нотижорат ташкилотларини адлия органларига ҳисоботларни топшириш муддатлари ва тартиби” бўйича тақдимот қилди ва ННТларига бу борадаги қонунчилик талабларини батафсил айтиб ўтди.

Шунингдек, тадбир давомида ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси мутахассиси Дилмурод Қамбаров ҳисоботни Адлия органига "e-ngo.uz" сайти орқали онлайн юбориш тартибини ННТ мисолида кўргазмали тарзда тушунтирди.

Тадбир якунида, ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Икромжон Каримов ҳудудий бўлинма фаолияти, ассоциация томонидан аъзоларига кўрсатиб келинаётган амалий услубий ёрдамлар ҳамда 2023 йилга режалаштирган тадбирлари тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Семинар сўнгида мавзу юзасидан иштирокчиларнинг барча саволларига атрофлича жавоблар берилди.

ӮзННТМА Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси