Ўзбекистон катта сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига ўтказиладиган сайловлар арафасида турибди. Сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда катта аҳамият касб этади.
Юртдошларимизнинг онгу тафаккури ўзгарди. Сиёсий онг ва маданият ўсиб бораётгани, жамиятда демократия, очиқлик ва ошкоралик таъминланаётгани янги сайловларда яна бир бор намоён бўлиши шубҳасиз. Таъкидлаш керакки, бу йилги сайловлар яқинда қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Ушбу ҳужжатда сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги норма ва қоидалар ўз аксини топган. Илгари амалда бўлган кўплаб чекловлар чиқариб ташланди. Бўлажак сайловлардаги ҳар бир овоз эътиборга олинади ва ҳар бир фуқаро давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришда бевосита иштирок этади. Сайловларда очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик амалда кенг таъминланади. Муҳим сиёсий воқеликка “Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” деган шиор танлангани бежиз эмас.
Демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда сайлов жараёнларининг аҳамияти беқиёсдир. Ҳар бир давлат сайловларнинг адолатли ва холисона ўтишига алоҳида эътибор беради ва сайлов жараёнларининг мазмунига қараб сайловларга баҳо берилади. Шунинг учун ҳам мустақилликнинг илк кунлариданоқ демократик принципларга асосланган сайлов тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда сайлов қонунчилиги миллий кадриятларимиз ва давлатчилик тарихимиз асосида, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ, эркинлиги ва манфаатларини таъминлаш ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган тамойиллари ва ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади. Фуқароларнинг давлат органларини демократик тарзда ташкил етишдаги иштироки асосан сайловларда намоён бўлади. Эркин ва бевосита сайловлар орқали фуқаролар ўзи муносиб билган шахсларни ҳокимият органларига сайлайди, уларга нисбатан ўз муносабатини билдиради ҳамда давлат бошқарувини амалга оширишда иштирок этади.
Сайловнинг аҳамияти шундаки, унинг натижасида фақат вакиллар, давлат бошлиғи сайланибгина қолмай, жамият аъзоларининг хоҳиш-иродаси, кайфияти, олиб борилаётган сиёсатга нисбатан муносабати аниқланади.
Сайлов – бу фуқароларнинг жамият ва давлат ишларида бевосита ва ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқи.
Сайлов - бу фуқароларнинг сайлов кампаниясида иштирок этиш йўли билан сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини амалга ошириш шаклидир.
Сайлов халқ ҳокимиятчилигининг муҳим белгиси, яъни фуқаролар давлат ҳокимиятига даврийлик асосида ўз муносабатини билдиришининг алоҳида воситасидир.
Бу йилги сайловлар жараёнида нафақат сиёсий партиялар ва масъул давлат органларининг вакиллари, балки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳам бевосита фаол иштирок этишлари ҳамда жамоатчилик назорати ҳуқуқидан самарали фойдаланишлари учун норматив-ҳуқуқий асослар яратилди.
Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси фуқаролик жамияти институтларининг, хусусан, маҳаллаларнинг сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги ролини сезиларли даражада кучайтирди.
Биринчидан, Сайлов кодексининг 8-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни ва овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар;
Иккинчидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг тавсиясига биноан халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари тасдиқланади.
Учинчидан, участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, улар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама қилинади ва тегишли округ сайлов комиссияси томонидан тасдиқлашга тавсия этилади ва ҳоказо. Яъни, қонунчилик фуқаролик жамиятининг энг муҳим институти – маҳаллани сайловни ташкил этувчи (участка сайлов комиссиялари, округ сайлов комиссияларини тузиш) ва кузатувчи сифатида иштирок этишини кўзда тутади.
Бундан ташқари, Сайлов кодексининг 14-моддасида Марказий сайлов комиссияси жамоат бирлашмалари вакилларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳисоботларини тинглайди ва 15-моддада уларнинг Марказий сайлов комиссияси йиғилишларида иштирок этиш имконияти мавжуд. Округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар, шу жумладан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари томонидан тақдим этилади, улар туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг йиғилишларида муҳокама қилинади ва тегишли округ сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилади.
Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг тавсиясига биноан тасдиқланади.
Округ сайлов комиссиясининг аъзолари жамоатчиликнинг обрў-эътиборли вакиллари орасидан тасдиқланади.
Сайлов кодексининг 39-моддасига асосан, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳи таркибига фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари ҳам жалб этилади ва ҳоказо.
Бошқача айтганда, Ўзбекистон қонунчилигида фуқаролар ва жамоат бирлашмаларининг сайловларни кузатиш ҳуқуқи кўзда тутилган.
Бугунги кунда:
- Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида хотин-қизларнинг сайловда қатнашиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишни таъминлашга қаратилган ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
- жорий йилнинг 5 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг 951-сонли қарори билан “Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисидаги Низом” тасдиқланди. Ушбу Низом сиёсий партиялар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини бошқариш органлари кузатувчиларининг ҳуқуқий мақомини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш тартибини белгилайди.
Низомга мувофиқ, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида кузатувчи қатнашиш ҳуқуқига эга.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосари, маслаҳатчиси, шунингдек фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахслари кузатувчи бўлиши мумкин.
Ушбу янгиликларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўртасида сайлов жараёнларини янада демократлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум тайёрланган (2 ноябрь куни имзоланиши мўлжалланган..).
Мазкур Меморандумга асосан Томонлар:
- сайлов қонунчилигининг турли жиҳатлари, сайловлар ва референдумларни ташкил қилиш ва ўтказиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг ҳуқуқий маданияти ва сайлов ташкилотчиларининг касбий малакаси даражасини юксалтириш ва бошқа масалалар бўйича ҳамкорликда тадбирлар ташкил этади;
- сайлов қонунчилигини янада либераллаштириш моҳиятини очиб беришга қаратилган тадбирлар, семинарлар, конференциялар, тренинглар, “давра суҳбатлари” ўтказади, лойиҳаларни амалга оширади, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;
- оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланади, биргаликда тадбир ва лойиҳалар ўтказишда очиқлик ва ошкоралик тамойилига риоя қилади.
Янги Сайлов кодексига биноан, ўтажак сайловларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчиларнинг иштирок этишига рухсат берилиши маҳаллага бўлган эътиборнинг янада кучайтирилаётганидан далолат. Ушбу қуйи бошқарув органлари вакилларининг Парламент қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиши сайловларни очиқ ва ошкора, демократик принципларга мос ўтишида муҳим аҳамиятга эга.
Кузатувнинг мақсади – сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан ҳамда ушбу жараёнларга фуқароларнинг эркин иштирокини таъминлашдан иборатдир.
Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси фуқаролик жамияти институтларининг, хусусан, маҳаллаларнинг сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги ролини сезиларли даражада кучайтирди.
Сайлов кодекси сайловлар очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда ҳар бир фуқаро ва ташкилотнинг ролини оширишга хизмат қилишини алоҳида қайд этиш зарур.
Илгари маҳалладан кузатувчилар фақат халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловидагина иштирок этиши назарда тутилган эди. Энди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар барча сайловларда қатнашиши мумкинлиги белгиланди. Бу сайловлар устидан фуқаролик кузатувини, шаффофликни таъминлашга, сайлов жараёнига жамоатчилик ишончи ошишига омил бўлиб хизмат қилади.
Аввал участка сайлов комиссияларининг аъзолари жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан тайинланади, деб белгилаб қўйиш билан чекланилган бўлса, энди Кодекснинг 23-моддасига асосан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Бундан ташқари, Сайлов кодексининг 14-моддасида Марказий сайлов комиссияси жамоат бирлашмалари вакилларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳисоботларини тинглайди ва 15-моддада уларнинг Марказий сайлов комиссияси йиғилишларида иштирок этишини таъминлайди.
Бошқача айтганда, Ўзбекистон қонунчилигида фуқаролар ва жамоат бирлашмаларининг сайловларни кузатиш ҳуқуқи кафолатланган. Кузатувнинг мақсади – сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан, сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат.
Бу эса фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришдаги имкониятларини янада оширишга, вакиллик органлари фаолиятини кенгайтириш орқали давлат ҳокимиятига таъсирини кучайтиришга, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга хизмат қилади.
Аён бўляптики, республикамизнинг ҳар бир фуқароси, шунингдек, ҳар бир ташкилот сайловларнинг очиқ-ошкоралиги ва шаффофлиги таъминланишига муайян ҳисса қўшиши учун ҳуқуқий асос яратилди. Фуқаролар ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, янги парламент ва янги маҳаллий кенгашларни шакллантиришда фаол қатнашишларига ишончимиз комил.
Насимжон АЛИМОВ,
Ўзбекистон нодавлат нотижорат
ташкилотлари миллий
ассоциацияси Кенгаши раиси в.б.