Тадбирни ўтказишдан мақсад мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини таъминлаш мезонларини белгилашдан иборат.
Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси бўлган умумий, тенг, тўғридан-тўғри, яширин овоз бериш тамойилларига таянган ҳолда сайлов ҳуқуқини таъминлаш, сайловларнинг эркин ва адолатли, очиқ ҳамда ошкора ўтишига оид ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш, замонавий демократик сайлов тизимини ривожлантиришга қаратилган чоралар кўрилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, Янги Ўзбекистоннинг замонавий сайлов тизими яратилишида ўтган сайлов кампаниялари таҳлил қилиниб, уларнинг асосида сайлов қонунчилигига, сайлов жараёнини такомиллаштиришга қаратилган кўплаб ўзгартиришлар киритилди. Сайлов тизими бир неча йиллар давомида фаол ривожланиб борди. Бу ўзгартишлар мамлакатнинг сиёсий ва ҳуқуқий ривожланишининг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилади.
Сўзга чиққан маърузачилар сайлов тизимининг ҳуқуқий асослари юзасидан фикр билдириб, дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатида сайловларни Сайлов кодекси ёрдамида ҳуқуқий тартибга солиш модели қўлланилиши, Янги Ўзбекистон ҳам сайлов қонунчилигини кодификация қилиш орқали 2019 йилда бешта сайловга оид қонун ўрнига ягона Сайлов кодекси қабул қилганини эътироф этди.
Тадбирда ЎзННТМА Кенгаши раиси К.Ишанходжаев ўз нутқида нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда волонтёрларнинг сайловларда иштирок этишдаги ўрни ва имкониятлари кенгайтирилаётганини, одамларнинг фуқаролик масъулияти ҳамда сиёсий-ижтимоий фаоллик даражаси ошаётганлигини таъкидлаб ўтди.