“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида ўтказилган
“Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар” мавзусидаги давра суҳбати.
2021 йилнинг 24 август куни ЎзННТМА Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, вилоят Адлия бошқармаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси ҳамкорлигида вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида сайловга бағишланган “Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар” мавзуси давра суҳбати ташкил этилди.
“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида қизғин тайёргарлик кўраётган халқимиз истиқлол байрамини барча соҳада улкан муваффақиятлар билан кутиб олмоқда.
Айни пайтда, жорий йил 24 октябрида давлатимиз ва халқимиз ҳаётида яна бир катта сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.
Зеро, мамлакатимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши давлат раҳбари лавозимига энг муносиб номзодни сайлаш ҳамда бу жараёнда сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқдир.
Конституциямизнинг 10-моддасида Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкинлиги белгиланган. Ушбу норма президентлик сайловининг давлат тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлашдаги аҳамияти билан боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мақоми Конституциянинг 89-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган холда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди.
Сайловга оид қонунчилик ҳужжатлари тизимида 2019 йил
25 июнда қабул қилинган Сайлов кодекси муҳим аҳамиятга эга.
Сайлов кодекси турли сайловларни ўтказиш билан боғлиқ 5 та қонун ва 10 дан ортиқ меъёрий ҳужжатлар асосида қабул қилинган ягона кодификациялашган ҳуқуқий ҳужжатдир.
Кодекс 18 боб ва 103 та моддадан иборат бўлиб, унинг асосий янгиликлари куйидагилардан иборат:
1) сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби жорий этилди;
2) муддатидан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали «сайлов варақаси» тушунчаси чиқариб ташланди;
3) сайловларни ўтказиш ёки ташкил этишнинг бошқа масалалари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби киритилди;
4) сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкинлиги белгиланди;
5) овоз бериш жараёнида сайловчиларга бир нечта белгилардан ( «+» ёки «» ёхуд «Х») бирини қўйиш имконияти берилди;
6) сайлов участкасида овозларни санаш баённомасининг нусхасини дарҳол жойлаштирш тартиби белгиланди;
7) овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар (овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш кабилар) аниқ кўрсатилди;
8) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар буйича таклифлар киритиш тартиби белгиланди;
9) сайлов комиссияси аъзолари учун янги талаблар ўрнатилиб, унга кўра номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди;
10) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланди;
11) сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш сайловга беш кун қолганида тўхтатилиши белгиланди;
12) муддатидан олдин овоз бериш сайловга 3 кун қолганида тугаши белгиланди ва бошқалар.
Тадбирда “Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар” юзасидан вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Зулфия Ахмадхўжаева маърузасида атрофлича тушинтириш берди.
Мустақиллик йилларида нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларни давлатнинг тенг шеригига айланишига барча шароитларни яратиб беришга катта эътибор берилмоқда. Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилди.
Ташкил этилган давра суҳбати аввалида, тадбир ташкилотчиларидан ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Икромжон Каримов 2021 йилга режалаштирган тадбирлари тўғрисида батафсил маълумот бериб, бу йилги президент сайлови компаниясида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам фаол тарғиботчи ва жамоатчи назоратчи бўлишлари лозимлигини такидлаб ўтди.
Давра суҳбатида, Наманган вилоят хокимлиги Жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш котибияти бош мутахассиси Иброхим Сайдуллаев ўз маърузасида, мустақиллик йилларида ННТлар фаоллари ва фидоийларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлганликларини, меҳнатлари муносиб баҳоланиб давлат мукофотлари билан тақдирланиб келинаётганлиги, мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан ҳам бир гуруҳ фаол Нодавлат нотижорат ташкилот вакилларига вилоятдаги ҳамкор ташкилотларнинг ташаккурнома ва эсталик совғалари тайёрланганлигини маълум қилди.
Шундан сўнг вилоятимизнинг бир гуруҳ фаол Нодавлат нотижорат ташкилотлари етакчиларига “Ташаккурнома” ва эсталик совғалари топширилди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокидаги мазкур тадбирда ННТлар сайлов қонунчилиги бўйича керакли ахборотларни олиш билан бирга мавзу юзасидан кўплаб маълумотга эга бўлдилар.
Тадбирда “YUKSALISH” умумиллий харакати вилоят бўлими бошлиғи Н.Мухаммадиева, вилоят Адлия бошқармаси масъул ходимлари иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоб бериб, сайловда фаол иштирок этишни таклиф этдилар.
ЎзННТМА Наманган вилоят бўлинмаси