Бугун Самарқанд шаҳрида «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форум ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли халқаро анжуманни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган.
Глобал форумнинг Миллий ташкилотчиси – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади.
Самарқанд Глобал форуми БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси; Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси; БМТнинг мамлакатимиздаги жамоаси; БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси; ЮНИСЕФ; Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси; ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси; Европа Кенгаши, Фридрих Эберт жамғармаси билан ҳамжиҳатликда ташкил этилмоқда.
Глобал форумда дунёнинг турли давлатларидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим мутахассислари, хорижий ва халқаро экспертлар, давлат органлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, юқори лавозимли шахслар – жами 120 дан ортиқ хорижлик меҳмон иштирок этмоқда.
Самарқанд Глобал форумининг БМТ шафелигида гибрид форматда ўтказилиши бутун дунёдан янада кенг аудиторияга, соҳа мутахассисларига виртуал тарзда иштирок этиш ва муҳокама сессияларида қатнашиш имконини беради.
Глобал форум ишида Ўзбекистон томонидан – ҳукумат аъзолари, Олий Мажлис палаталари ва қўмиталари раҳбарлари, вазирлик ва ташкилотлар, ўқув ва илмий-маърифий муассасалар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси К.Ишанходжаев “Инсон ҳуқуқлари таълимида фуқаролик жамиятининг роли” мавзусидаги маърузаси билан иштирок этди.
Ушбу глобал форум Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациянинг 10 йиллигига бағишланади.
Унинг асосий мақсади – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон таълим дастури амалга оширилишининг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилиш, дан иборат. Шунингдек, айни соҳадаги илғор тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувларнинг тақдимотини ташкил этиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада такомиллаштириш бўйича фикр алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқилади.
Глобал форумнинг биринчи кунида 4 та параллел сессия ташкил этилди.
Глобал форумнинг иккинчи куни “Халқаро, минтақавий ва миллий даражада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш” мавзусидагииккинчи ялпи мажлис билан бошланади. Бунда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш бўйича халқаро, минтақавий ва миллий даражаларда фикр алмашиниб, тавсиялар ишлаб чиқилади.
Параллел тадбир (Side-event) доирасида “Инсон ҳуқуқлари бўйича мастер-класслар” ташкил этилади. Онлайн ва офлайн режимда турли гуруҳлар учун 6 та мавзуда маърузалар тингланади ва муҳокама қилинади.
Шу куни “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тадқиқотлар” мавзусидаги республика танлови ғолиблари ҳамда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони совриндорларини тақдирлаш маросимлари ҳам бўлиб ўтади.
Глобал форум якунида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича якуний ҳужжатнинг тақдимоти ва қабул қилиниши кўзда тутилган.