Саховатпеша амаллар “Шайхул олам”да ҳам бўй кўрсатмоқда

Бугунги кунда юртимизнинг ҳар бир ҳудудида карантин тадбирлари қатъий тартибда амалга ошириб борилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва унинг жойлардаги ташкилотлари ҳам иштирок этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ННТМА Бухоро вилояти координатори вилоят ишчи гуруҳи комиссияси билан ҳамкорликда ҳудудларда қатор амалий ишларни ҳаётга татбиқ этаётир. Хусусан, вилоят ҳокимлиги ҳамда саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, кексалар ва нуронийлар, доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли вакиллари, шунингдек, карантин туфайли кунлик ишга чиқа олмаётган фуқароларга кўмаклашиш борасида мунтазам равишда муайян чора-тадбирлар амалга оширилаётгани эътиборга молик.

Шу мақсадида 4-сектор ҳудудидаги “Шайхул олам” маҳалла фуқаролар йиғинига бориб,  карантин тартиб-қоидаларига қай даражада амал қилинаётгани ўрганилди. Дорихоналар, озиқ-овқат таъминоти борасидаги нарх-наволар ҳамда коммунал соҳаларнинг барқарорлиги билан яқиндан танишилди. Шунингдек, ҳудуддаги 70 та кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Бундан ташқари, ҳомийлар ва ННТлар томонидан 10 та кам таъминланган, ёлғиз, ногиронлиги бор оилаларга бир ойлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда шахсий гигиена воситалари етказилди.

Маълумки, бугун юртимизнинг ҳар бир ҳудудида кўчма, арзонлаштирилган ярмаркалар ташкил этиш йўлга қўйилган. Жумладан, “Шайхул олам” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам аҳоли учун қишлоқ хўжалиги ярмаркаси ташкил этилиб, арзон нархларда барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилди. Тараққиёт ННТ томонидан ҳудудда яшовчи фуқароларга тиббий ниқоблар, тиббиёт спирти ва антисептик воситалар тарқатилди. Шу билан бирга, ҳудуддаги 22 нафар ишсиз фуқаролар (шундан 12 нафари аёл, 10 нафари эркак) жамоатчилик асосида иш билан таъминланди.

Бугун бутун дунё аҳли, шу жумладан халқимиз бошига тушган синовли кунларда ҳамжиҳат бўлиш, ўзаро ҳаммаслакликда иш тутиш долзарб аҳамиятга эга. Кўмакка муҳтожларни қўллаб-қувватлаш, кўнглини кўтариш, бир сўз билан айтганда, эзгу ва саховатпеша амаллар билан мушкулларни аритиш, синовдан ғалаба билан ўтиш мумкин. Шундай экан,  Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва унинг жойлардаги ташкилотлари бу борадаги амалий ишларни янада кенг кўламда амалга оширишда давом этади.