2023 йил 25 апрель куни “Frankfort” меҳмонхонасида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси: Референдум ва миллий конституцияларнинг роли ва аҳамияти” мавзусига бағишланган халқаро Форум бўлиб ўтди.
Мазкур халқаро тадбир Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Халқаро форумда Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси аъзолари, Олий Мажлиси сенаторлар ва Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ва академик ҳамжамият, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Онлайн ва офлайн форматида Форумни ташкил этишдан кўзланган мақсад:
•Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари вa қонуний манфаатларининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш, “инсон - жамият – давлат” тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш борасида Марказий Осиё давлатларининг тажрибасини муҳокама қилиш;
• Барқарор ривожланиш мақсадларини Марказий Осиё давлатлари конституцияларида акс эттирилишини қиёсий таҳлил этиш;
• Барқарор ривожланиш миллий мақсадларига эришишда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг самарали ҳамкорлигини таъминлаш;
• Кенг халқаро жамоатчиликни мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ва бўлажак референдумга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар ижроси билан таништиришдан иборат.
Форум иши икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда 2023 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар ижроси, барқарор ривожланишга эришишда Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси, конституциявий-ҳуқуқий асосларнинг ривожланиши ҳамда БРМга эришишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари, жамоатчилик иштирокининг саъй-ҳаракатлари ва имкониятларини бирлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Қайд этиш лозимки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббусига асосан ишлаб чиқилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция бир овоздан маъқулланганди.
2022 йил 29 декабрда эса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мазкур резолюцияни амалга ошириш бўйича Қўшма қарори қабул қилинди. Қўшма қарор билан 13 та йўналиш бўйича 50 дан зиёд аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Форумда сўз олган нотиқлар барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда манфаатлар мувозанатининг самарали механизми яратилгани, соҳада парламент назорати ўрнатилгани, хусусан, миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилгани ва унинг фаолиятига тўхталиб ўтдилар.
Хусусан, ўтган давр мобайнида Парламент комиссияси томонидан 10 та миллий мақсад ва унинг 51 та вазифаси ҳамда 81 та индикатори бўйича ҳудудларда барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг бажарилиши ҳолати ўрганилганлиги ва ўрганиш якуни юзасидан Парламент комиссияси мажлисларида 28 нафар вазирлик ва идора, шу жумладан Мувофиқлаштирувчи кенгаш раҳбарининг ахбороти эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилинганлиги таъкидланди.
Маъруза ва муҳокамалар мобайнида экспертлар томонидан давлатимиз раҳбари сўнгги етти йил ичида БМТ Бош Ассамблеяларида умумбашарий муаммолар ечимига оид 10 дан зиёд ташаббуслар билан чиққани ва энг муҳими мазкур ташаббусларнинг барчаси Бош Ассамблеяси томонидан тўла қўллаб-қувватланди ва тегишли резолюциялар қабул қилинганлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масалада мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш масаласига эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, форум ишида Марказий Осиё мамлакатлари БРМга эришишдаги тажрибаси ва ютуқларига ҳам эътибор қаратилди.
Жумладан, Қозоғистон Республикасидаги хорижий ҳамкорлар томонидан БРМга эришиш учун инсонпарвар давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича миллий стратегия масаласи батафсил ёритилди. Марказий Осиёда конституциявий ўзига хослик ва конституциявий-ҳуқуқий плюрализм масаласи Тожикистон Республикаси мисолида кўриб ўтилди. Фуқаролик жамиятини БРМга эришиш жараёнларига жалб қилиш ва ихтиёрий фуқаролик шарҳларини тайёрлашнинг долзарб масалалари доирасида қўшни Қирғизистон тажрибаси бўйича фикр алмашинилди. Шунингдек, Туркманистонда БРМга эришиш учун конституциявий ислоҳотларнинг асосий тенденциялар ва ривожланиш истиқболлари масаласи ҳам кўриб ўтилди.
Форумнинг иккинчи қисмида инсоннинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмлари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрирдаги лойиҳасида экологик нормаларнинг акс этиши, қолаверса, экологик конституционализмда Европа Иттифоқи тажрибаси масалалари хорижий экспертлар иштирокида муҳокама этилди.
Маърузачилар барқарор ривожланиш учун сув ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, мавжудларини эса санитария ҳолатини яхшилашни таъминлаш (6-мақсад), иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши шошилинч чоралар кўриш (13-мақсад), ер экотизимларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш ва улардан оқилона фойдаланиш, ўрмонларни барқарор бошқариш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг деградацияга учраши ва биологик хилма-хилликни қисқариши жараёнини камайтиришга эришиш (15-мақсад) йўналишлари бўйича дунё тажрибасида кузатилаётган ўзгаришлар бўйича маълумотлар берилди.
Форум якунида таклиф этилган экспертлар томонидан берилган таклифлар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.