Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, хусусан, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар ижтимоий тараққиётда нодавлат секторининг аҳамиятини яққол кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 58-моддасига кўра, давлат жамоат бирлашмаларининг манфаатларини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.
Айни пайтда катта сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтадиган кун — 24 октябрь санаси ҳам тобора яқинлашмоқда.
Бу борада нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг демократик жараёнлардаги иштирокини ҳуқуқий таъминлаш уларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг ғоят муҳим шарти ҳисобланади.
Жорий йилда қабул қилинган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5012 сонли қарори ҳамда “2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6181-сонли фармони шу йўлда қўйилган салмоқли қадамлардан бири бўлди.
Дарҳақиқат, фуқаролик жамияти институтлари билан бир қаторда ҳар бир фуқаро мамлакатимизда сўнгги йилда амалга оширилаётган демократик янгиланишларда фаол иштирок этиб келмоқда. Бу авваламбор, фуқароларнинг ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали таклиф ва мулоҳазалари билан бир қаторда танқидий фикрларини баралла билдираётганликларида ҳам кўринади. Бу эса ўз навбатида, давлат органларининг халққа хизмат қилишига омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича юритаётган сиёсатнинг асосий мақсади – инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришини, барча ҳаётий орзу-мақсадлари шу жамиятдаги сиёсий ташкилотлар, ижтимоий институт, гуруҳ, оила ва бошқа жамоат бирлашмалари орқали амалга оширилишини таъминлашдир.
Биз сайловчи деганда, энг аввало сайлов кампанияси даврида овоз бериш жараёнида иштирок этувчи, яъни бюллетенга яширин равишда овоз берувчи шахсни тасаввур қиламиз. Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ва бошқа норматив ҳужжатларида сайловчининг айнан сайлов ҳуқуқи билан боғлиқ ҳуқуқлари доираси анча кенг белгиланган. Уларнинг асосийлари қуйидагилардан иборат:
- сайлов жараёнида овоз бериш, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи;
- номзод кўрсатишни қўллаб-қувватлаш учун имзо тўплаш ёки имзо варақасига имзо қўйиш орқали номзодни қўллаб-қувватлаш ҳуқуқи;
- молиявий харажат талаб қилмайдиган усуллар билан сайловолди ташвиқотини олиб бориш ҳуқуқи;
- сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиси (кузатувчи, ваколатли вакил, ишончли вакил, комиссия аъзоси ва ҳ.з.) мақомига эга бўлиш ҳуқуқи;
- сайлов участкасида, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида шакллантирилган ўзига оид маълумотлар билан танишиш ҳуқуқи;
- сайлов комиссияларини шакллантиришда иштирок этиш ҳуқуқи;
- ўзининг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи, ўзига тегишли сайлов ҳуқуқларини камситувчи қарорлар ёки ҳаракатлар, шу жумладан овоз бериш натижалари устидан шикоят қилиш ҳуқуқи.
Шу муносабат билан вилоят адлия бошқармаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси, Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида “Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларда жамоат ташкилотларининг иштироки” мавзусида семинар ўтказилди. Унда нодавлат нотижорат ташкилотлари, миллий маданий марказлар, жамоат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институларининг вакиллари иштирок этишди.
Семинарда таъкидландики, демократик сайловларни фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар сайловларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади.
Қонун ҳужжатларига асосан, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг сайловларда фаол иштироки бўйича етарли асос ва имкониятлар яратилган. Ушбу имкониятларни билиш ва улардан кенг фойдаланиш, нафақат сайловларнинг демократик руҳда ўтишига, балки мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг ривожланишига ҳам туртки бўлади.
Юқоридагиларнинг барчаси нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан сайлов жараёнлари устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ва сайловларда фаол иштирок этиши орқали мамлакатимизда давлат бошқарувида очиқлик ва ошкораликни янада мустаҳкамланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Семинар қизғин баҳс мунозаралар ва савол жавобларга бой руҳда ўтди.