Жорий йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан “Фаол фуқаролар ҳафталиги” доирасида “Конституциявий ислоҳотлар жамоат бирлашмалари нигоҳида: таклиф ва тавсиялар”мавзусида илмий, амалий, таҳлилий ва таклифлар тайёрлашга қаратилган давра суҳбати ташкил қилинди.
Тадбирда Ассоциация Марказий аппарати ва унинг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Тошкент шаҳридаги жамоат бирлашмалари вакиллари иштирок этди.
Қайд этилдики, миллий давлатчилигимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида самарали ишлар амалга оширириб, Бош қомусимиз Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам унинг ҳуқуқий асоси яратилди.
Унинг негизида мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини бунёд этиш мақсадида соҳага алоқадор кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан,“Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони шулар жумласидандир.
Таъкидландики, ўтган давр давомида мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожланишнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида юқоридаги ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида жамият ҳаётининг барча соҳаларида туб ислоҳотлар амалга оширилди.
Тадбирда сўз олган соҳа вакиллари ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларда давлат органлари билан бир қаторда жамоат бирлашмалари вакиллари ҳам фаол иштирок этиб келаётганлигини алоҳида қайд этишди.
Жумладан, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлаш ва унинг ижтимоий фаоллигини ошириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни ривожлантириш, атроф муҳитни, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда ҳар томонлама баркамол ва соғлом ёш авлодни шакллантириш, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соғлом оилани шакллантириш, қолаверса, фан, таълим, ахборотлаштириш, маданият ва спортни ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий билимларини юксалтириш, миллатлараро, маданиятлараро тотувлик ва фуқаролар тотувлиги ғояларини мустаҳкамлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида жамоат бирлашмаларининг олиб бораётган ишларини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.
Ўз навбатида, “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси”нинг 13-боби “Жамоат бирлашмалари”га бағишланиб, 7 та (56,57,58,59,60,61,62) моддаларда жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари, бурчлари ва мажбуриятлари ҳам ифодаланган.
Асосий қомусимизга киритилиши кўзда тутилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан билдирилган таклифларда бугунги кун талаби сифатида жамоат бирлашмалари фаорлияти, уларнинг ҳуқуқи, мақоми, бурчи ва мажбуриятлари борасида ҳам маълум бир ислоҳотларни амалга ошириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Давра суҳбати давомида жамоат бирлашмалари томонидан бош қомусимизни ислоҳ этиш бўйича 34, 56 ва 59-моддаларига киритилаётган таклиф ва тавсиялари жамланиб, Конституциявий комиссияга тақдим этилди.
Ўзбекистон ННТМАнинг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси