Пандемияга қарши муҳим чоралар кўрилмоқда

Бугун бутун дунё давлатларини ташвишга солиб қўйган коронавирус пандемияси барчамизни огоҳликка, бирдамликка, ҳамжиҳатликка чорламоқда. Ушбу синовли дамларда юртимизда ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, бунда энг аввало, халқ манфаати, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий таъминоти, саломатлиги, санитар-гигиеник ҳолатига устувор аҳамият қаратилаётгани таҳсинга сазовор.  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида пандемияга қарши курашишда амалга оширилаётган ишлар самараси бугун одамларнинг кайфиятида, ўзаро ишончи, бирдам ва бардамлигида ўз ифодасини топаётир.

Давлатимиз раҳбари шу йил 17 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда тегишли ташкилот ва идораларга қатор долзарб вазифаларни топширди, кўрсатмалар берди. Халқаро молия институтлари пандемия билан кураш учун соғлиқни сақлаш соҳасига ажратаётган 277 миллион доллар миқдоридаги маблағларни тез фурсатларда ва самарали ўзлаштириш лозимлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугун энг биринчи галдаги вазифа сифатида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, хасталанганларни бу дарддан фориғ қилиб, соғлом ҳаётга қайтариш, аҳолининг эпидемиологик осойишталигини таъминлаш масалалари кун тартибида турибди. Бу борада Тошкент вилояти Зангиота туманида янги, замонавий шифохона қурилаётгани ва Юқори Чирчиқ туманидаги карантин ҳудуди қисқа фурсатда фойдаланишга топширилгани эътиборга молик. Мазкур муассасалар  замонавий тиббий техникалар билан жиҳозланади. Карантинга олинган фуқароларга зарур ҳамда қулай шарт-шароитлар яратиб берилгани давлатимизнинг инсонпарвар сиёсатини намоён қилади. Чунки бугун айрим ривожланган мамлакатлар ҳам бу кўринмас ёв олдида ожиз қолаётганини кўриб, эшитиб турибмиз. Дунёнинг баъзи ҳудудларида касаллар сони ортиб бораётгани оқибатида шифохоналарда бўш ўрин қолмаяпти. Натижада карантинга олинганларни турли кўринишдаги мажмуаларда сақлашга мажбур бўлишмоқда.  

Мамлакатимизда беморларни ўз вақтида даволаш, карантинга олинганларга зарур шароитлар яратиш, санитария-дезинфекция чора-тадбирларини амалга ошириш билан бирга пандемия шароитида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 700 миллион доллар жалб қилиш кўзда тутилмоқда. Бу эса тадбиркорлик субъектларининг пандемия таъсиридаги иқтисодий инқирозлардан зарар кўришини  нисбатан камайтиради, муайян енгилликлар яратишга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда мазкур синовли дамларни муваффақиятли енгиб ўтиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳар биримизда дахлдорлик ҳиссини уйғотади. Ҳар бир ташкилот, муассаса ҳамда фуқаролар бирдам бўлиши, карантин тартиб-қоидаларига амал қилиши зарур.

Зуҳра Абдуллаева,

ЎзННТМА кенгаши Инсон ҳуқуқлари, халқ дипломатияси ва ННТларнинг халқаро алоқаларини ривожлантириш бўйича бош мутахассиси