Тарихий ҳамда маданий жиҳатдан ўзбеклар ва озарбайжонлар бир-бирига жуда яқин. Бу икки буюк халқни азалий қардошлик, дўстлик ва биродарлик ришталари боғлайди. Бугун мана шу яқин ҳамкорлик замонавий босқичига чиқдик. Сабаби, икки давлат етакчиларининг мунтазам мулоқоти Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида ишонч, юксак ҳурматга асосланган ўзаро манфаатли ҳамда самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.
Қувонарли жиҳати икки давлат ўртасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш борасида ҳам янги уфқлар очилмоқда.
Озарбайжон Республикаси Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш агентлигининг таклифига биноан ўзбекистонлик нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат идоралари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат делегациянинг Озарбайжон Республикасига амалий ташрифи бу соҳадаги ҳамкорликни яна бир поғона юқорилашига хизмат қилди.
Озарбайжон-Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлик форуми
Делегация вакиллари Озарбайжон шеърияти ва мусиқаси бешиги, Қорабоғнинг тожи, озар халқи “муғом” (мақом)ининг онаси бўлмиш Шуша шаҳрида бўлишди.
Шаҳар 2020 йил 8 ноябрь куни арман босқинидан озод қилинди. Шу кунга қадар озар халқининг мустаҳкам иродаси ила бугун Шуша мисли кўрилмаган яратувчанлик ва бунёдкорлик марказига айланди.
Делегация вакиллари шаҳарнинг соф табиати, тарихи ва маданияти билан танишиш баробарида, Озарбайжон Республикаси Президентининг Шушадаги махсус вакили билан ҳам учрашди.
Учрашувда Шушада амалга оширилаётган бунёдкорлик ва қайта тиклаш ишлари, бунда қардош халқларнинг ҳиссаси катта эканлиги, икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракати натижасида ўзаро муносабатлар янада мустаҳкамланиб бораётганлиги алоҳида эътироф этилиб, барча соҳалар қатори фуқаролик жамияти институтлари билан ҳам ҳамкорлик қилишга ҳамиша тайёр эканликларини билдиришди.
Шунингдек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари Фузулий шаҳрига ташриф буюришди.
Бугун Фузулий 30 йиллик ситамлардан қутилиб, янгитдан чирой очмоқда. Янги турар жойлар, шифохона ва илм масканлари қад ростламоқда.
Мустаҳкам дўстлик ва биродарлик ифодаси сифатида мамлакатимиз етакчиси 2021 йил 31 март куни ўтган Туркий кенгашнинг норасмий саммитида Ўзбекистон Қорабоғ заминидаги ёдгорликлар, маданият ва маърифат масканларини қайта тиклашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини таъкидлаган эди.
Фузулий шаҳрида қарийб минг нафар ўқувчига мўлжалланган Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли замонавий мактабнинг қурилиши Давлатимиз раҳбарининг ташаббусининг амалий ифодаси бўлди.
Илм маскани Фузулий шаҳри аҳолисига совға тариқасида топширилганда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “Ушбу мактаб Қорабоғнинг тикланишида хорижий давлатнинг илк совғаси ва биз бу биродарлик, ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш ишорасини юксак қадрлаймиз”, —дея эътироф этган эди.
Қардош халқларнинг дўстлик ифодаси бўлмиш ушбу мактаб илк маротаба ўтказилган Озарбайжон-Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлик форумига мезбонлик қилди.
Форум икки давлат фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлик ҳамда тажриба алмашиш масалаларига бағишланди.
Форумда сўзга чиққанлар ўзбек—озар халқининг азалий бирдамлиги, қардошлиги ва яқин дўстона муносабатларини алоҳида эътироф этди. Келгусида алоқаларни янада мустаҳкамлашда нафақат давлат органлари, муассасалар, балки нодавлат нотижорат ташкилотлар, ҳаракатлар ва бирлашмалар даражасида ҳам ҳамкорликни кучайтиришнинг зарурати ва аҳамияти қайд этилди.
Шунингдек, Форумда Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси, Ўзбекистон аёллар ва қизлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон ногиронлар жамияти вакилларининг фаолияти юзасидан тақдимоти бўлиб ўтди.
Форумда панель сессия шаклида икки давлат нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Унда савол-жавоблар асосида ўзаро тажриба алмашилди.
Муҳокамаларда қилинган хулосалар ва фикрлар муштараклиги натижасида Форум якунида Озарбайжон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларига икки мамлакат Фуқаролик жамияти вакиллари мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Ташриф давомида Озарбайжон Республикаси Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш агентлиги Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
— Меморандумларни имзолашдан мақсад - икки мамлакат нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида фуқаролик жамиятини ривожлантиришда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларни йўлга қўйишдан иборат, - дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси К.Ишанходжаев.
—Ҳамкорликнинг илк одимлари Ўзбекистонга Референдум арафасида ташриф буюрганимизда ташланган эди. Бугун эса, ўз олдимизга истиқбол учун қатор мақсадлар белгиладик, - дейди Озарбайжон Республикаси Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш агентлиги раҳбари Айгун Алиева. —Хусусан, ижтимоий шериклик, жамоатчилик назорати ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятининг бошқа устувор йўналишлари бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ишларни экспертиза билан таъминлаш, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этиш мақсадида мунтазам маслахатлашувлар ўтказишда ҳамкорлик қиламиз.
Учрашув давомида Озарбайжонда ННТларни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга грантлар ажратиш тартиби, лойиҳаларни мониторинг қилиш бўйича йўлга қўйилган ишлар билан ҳам таништирилди.
Тажриба муваффақият калити
Ўзбекистонлик ННТлар вакиллари Озарбайжондаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти билан ҳам танишишди.
Хусусан, ДОСТ инклюзив ривожланиш ва ижод маркази 6 ёшдан 70 ёшгача бўлган имконияти чекланган фуқароларни 14 та йўналишдаги касб-ҳунарга йўналтириб, жамиятда ўз ўринларини топишга яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Ўзбекистон ногиронлар жамияти ушбу марказ билан ҳамкорлик қилиш бўйича режалар белгилаб олди. Насиб бўлса, бу ҳамкорлик нафақат имконияти чеклаган шахслар учун балки, уларнинг оила аъзолари ва яқинлари учун ҳам манфаатли бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон делегация Озарбайжон Республикаси уруш, меҳнат ва қуролли кучлар фахрийлари ташкилотида ҳам бўлди.
У ерда ташкилот раиси ўринбосари Жалил Халилов меҳмонларга ташкилот фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Қолаверса, Озарбайжон Турк аёллар иттифоқи ташкилоти фаолияти ҳам ўрганилди. Ўзбекистонлик хотин-қизлар йўналишида фаолият юритувчи ННТлар вакиллари ўзаро тажриба алмашиш баробарида ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилишди.
Делегация таркибида бўлган Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ҳамда Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси раҳбарлари ҳам ўз йўналишлари доирасида маҳаллий ННТлар билан мулоқот олиб борди.
Мулоқотларда асосий эътибор ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ва ушбу йўналишда тадбирлар ўтказиш, мутахассислар малакасини ошириш масалаларига қаратилиб, келгусида ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш истаги билдирилди.
Ташриф давомида делегация вакиллари маданий тадбирларда ҳам иштирок этди. Боку шаҳридаги Фахрий ва Шаҳидлар хиёбонлари, Ҳайдар Aлийев маркази ҳамда Ширвоншохлар давлати пойтахти бўлган “Ичери шеҳер”даги гўзал меъморий обида ва ёдгорликлар билан танишдилар.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон делегациясининг Озарбайжон Республикасига ташрифи самарали ва сермаҳсул бўлди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор лойиҳалар ва мақсадлар келишиб олинди, истиқбол учун янги марралар белгиланди.
Сайёра Асранова,
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари
миллий ассоциацияси Матбуот котиби