Конституцияда илк маротаба Ўзбекистон халқи мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилганлиги ҳамда давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирлар амалга ошириши ва давлат томонидан Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўрилиши белгиланмоқда.
Оролбўйи минтақасидаги глобал экологик муаммо 50 млн.га яқин аҳолининг турмуш тарзига бевосита салбий таъсир кўрсатмоқда. Ушбу норманинг Конституцияда мустаҳкамланиши Оролбўйи минтақаси аҳолиси учун муносиб яшаш шароитларини яратишга, фуқаролар, биринчи навбатда, ижтимоий соҳа вакиллари учун қўшимча имтиёзлар тўпламидан фойдаланишга имкон беради, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган турли лойиҳаларда бизнес тузилмалари ва нотижорат ташкилотларнинг фаол иштирок этиш имкониятини оширади.
Шу нуқтаий назардан ЎзННТМА томонидан Қорақалпоғистон Республикасида Қўнғирот туманида маҳалла, овул фуқаролари иштирокида "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси ва Референдум қонунчилигининг мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги ходими Ш.Бердимуратова, Қорақалпоғистон Республикаси Ҳалқ таълими вазири ўринбосари А.Даулетбаев ҳамда ЎзННТМА раиси К. К.Ишанходжаевлар фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилиниши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни ва биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришига, эпидемияларга, пандемияларга қарши курашиш ҳамда уларнинг оқибатларини юмшатиш соҳаларида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш Вазирлар Маҳкамасининг асосий вазифаларидан бири сифатида мустаҳкамланаётганлиги, қолаверса, ҳудудларнинг экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг ваколатларидан бири этиб белгиланаётганлигини алоҳида эътироф этишди.