Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди биринчи грант танловини эълон қилди

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди

“Ижтимоий-маънавий муҳит барқарор бўлмаган маҳаллаларда аҳолини бандлигини таъминлашга кўмаклашиш” мавзуида Давлат грантлари ажратиш учун 1-танловни

ЭЪЛОН ҚИЛАДИ

Танловга нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қуйидаги мақсадларни назарда тутувчи ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари қабул қилинади:

1. Ишсиз хотин-қизлар ва ёшларни тадбиркорлик, банк-молия соҳасидаги билимларини ошириш ҳамда доимий бандлигини таъминлаш;

2. Боқувчиси бўлмаган ва ногирон хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уй хўжалигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;

3. Эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий-маънавий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш;

4. Уюшмаган ёшларни касб-ҳунар эгаллашга жалб қилиш, уларга ижтимоий-маънавий ва психологик кўмак кўрсатиш;

5. Маҳаллалардаги эҳтиёжманд аҳоли, айниқса хотин-қизлар ва ёшларнинг хоҳиш ва истакларини ўрганиш ҳамда истеъдодларни қўллаб-қувватлаш;

6. Меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга тизимли профилактик, бандлик ва бошқа шу каби соҳаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш;

7. Низоли вазиятлар, оилавий-маиший зўравонлик, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини олдини олишда жамоатчиликнинг ролини юксалтириш;

8. Нотинч ва ноқобил фарзандлари бўлган оилалар билан манзилли иш олиб бориш, барқарор маънавий муҳитни яратиш;

9. Одам савдосини олдини олиш бўйича профилактик ишлар ва ундан жабр кўрганларга ижтимоий-психологик, иқтисодий ва маънавий кўмак кўрсатиш.

Давлат гранти ажратиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: 

1. Ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати; 

2. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг www.fondngo.uz расмий веб сайти  ва t.me/group_jamoat_fondi телеграм каналида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган давлат гранти лойиҳаси учун ариза;

3. Охирги ўзгартиш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтган ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг Устави (Низоми) нусхаси;

4. Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси; 

5. Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса, унда лицензиянинг нусхаси;

6. Манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг тавсия ҳамда қўллаб-қувватлаш хатлари. 

Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант миқдори – 100 миллион сўмгача. 

Ҳужжатлар 2022 йил 30 апрелидан 31 майигача қабул қилинади.

Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди номига “Ўзбекистон почтаси” орқали юбориладиган муҳрланган конвертларда (А4 форматда) қуйидаги манзил бўйича қабул қилинади: 100035, Тошкент шаҳри, Бунёдкор кўчаси, 1-уй. 

Ҳужжатларни тақдим этиш шартлари ва намуналари билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг www.fondngo.uz расмий веб сайтида танишиш мумкин.

Маълумот учун телефонлар: (0-371) 239-26-76, 239-26-86.