Ҳудуд ва чегара билмайдиган одам савдоси жинояти ҳар бири жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдиради. Шу мақсадда 2013 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 30 июль– Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинган. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра, ундан жабр кўрганлар сони бир неча миллионларини ташкил этади. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг асосий қисмини аёллар ва болалар ташкил қилмоқда.
Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида Ўзбекистон Республикасида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу қонун янада такомиллаштириш ва ҳозирги замон талабларига мослаштириш мақсадида унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири 2020 йил 17 августда қабул қилинди.
Қонунда мазкур йўналишга доир фаолиятни амалга ошираётган давлат органларига кўмаклашувчи ташкилотлар қаторида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам белгиланиб, уларнинг ваколат ва вазифалари аниқ очиб берилган.
Шундан келиб чиқиб, республикамизда 100 га яқини ННТлар одам савдосига қарши курашиш борасида иш олиб бормоқда.
Мазкур ишлар кўламини янада кенгайтириш, бу борада ННТлар фаоллигини ошириш мақсадида мамлакатимизда эълон қилинган “30 кун – ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш ойлиги” доирасида туркум тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси ЎзННТМА Хоразм вилоят ҳудудий бўлинмаси, Хоразм вилоят “Интербилим” аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш маркази ва Республика "Истиқболли авлод" ижтимоий-ахборот маркази Хоразм вилояти бўлими ҳамкорлигида ўтказилди.
Маҳаллий ННТлар вакиллари иштирок этган тадбирда одам савдосининг ҳозирги кунда Ўзбекистонда энг кўп учраётган кўринишлари, одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби, жабрланганлар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш тартиби, уларга тақдим этиладиган хавфсизлик чоралари ва бошқа кафолатлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, Республика "Истиқболли авлод" ижтимоий-ахборот маркази томонидан соҳага оид амалий тажрибалари ҳақида ҳам мисоллар келтирилиб, ННТларнинг бу борадаги ишларини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида вилоятда фаолият юритувчи ННТ вакилларини ушбу эълон қилинган одам савдосига қарши курашиш ойлигида фаол бўлишга ва ундан жабр кўрганларга амалий кўмак беришга чақирилди.