Одам савдосига қарши курашда ННТларнинг роли ортмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда “Winrok international” халқаро нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда “Одам савдосига қарши курашда ННТларнинг роли ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.

Унда ЎзННТМА Марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари, одам савдоси ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш билан шуғулланадиган ННТлар вакиллари иштирок этди.

Қайд этилдики, ҳудуд ва чегара билмайдиган одам савдоси жинояти ҳар бири жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдиради. Шу мақсадда 2013 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 30 июль– Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинган. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра, ундан жабр кўрганлар сони бир неча миллионларини ташкил этади. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг асосий қисмини аёллар ва болалар ташкил қилмоқда.

Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида Ўзбекистон Республикасида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни ҳозирги замон талабларига мослаштириш мақсадида унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, янги таҳририда 2020 йил 17 августда қабул қилинди.

Қонунда мазкур йўналишга доир фаолиятни амалга ошираётган давлат органларига кўмаклашувчи ташкилотлар қаторида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам белгиланиб, уларнинг ваколат ва вазифалари аниқ очиб берилган.    

Шундан келиб чиқиб, республикамизда 100 га яқини ННТлар одам савдосига қарши курашиш борасида иш олиб бормоқда.

Хусусан, “Меҳр” операциялари доирасида юртимизга олиб келинган хотин-қизлар ва болалар саломатлигини тиклашда, уларга психологик кўмак беришда, қолаверса, одам савдосидан ва мажбурий меҳнатдан жабрланган фуқароларни ватанга қайтаришда, уларни реабелитация қилишда, касбга йўналтириб, бандлигини таъминлашда ҳам ННТлар бевосита иштирок этиб келмоқда.

Шу билан бирга, мазкур ишлар кўламини янада кенгайтириш, бу борада ННТлар фаоллигини ошириш мақсадида жойларда соҳага оид давлат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, хар йили июль ойида Республикамизда “30 июль – Одам савдосига қарши курашиш бутунжаҳон куни” муносабати билан “30 кун – ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш ойлиги”ни ўтказиш анъанага айланиб бормоқда.

Мазкур тадбирларда, Республикамизнинг барча ҳудудларида ҳудудий комиссиялар томонидан нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда аҳоли ва ёшлар орасида бир қатор тарғибот тадбирлари, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ҳамда дам олиш ва кўнгил очар масканларда давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.

Тадбирда шунингдек, ННТларнинг мазкур соҳадаги фаолиятини қўллаб-қувватшал масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, одам савдоси ва мажбурий меҳнатни олдини олиш фаолияти билан шуғулланиши мумкин бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари учун Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятларининг бошқа институтларини қўллаб-қуватлаш жамоат фонди орқали бериладиган грант танловларда иштирок этиш  тартиб таомиллари ҳам тушунтирилди.

Қолаверса, одам савдосидан жабрланган ва жабрланган деб тахмин килинаётган шахсларни Реабилитация хизматларидан фойдаланиши ва уларни иш билан таъминлаш масалалари ҳам иштирокчилар томонидан муҳокама этилди.

Тадбир якунида Ички ишлар вазирлиги, ЎзННТМА ва ННТлар билан ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш мақсадларини кўзловчи ижтимоий лойиҳаларни кўпайтириш ва уларни қўллаб-қувватлаш, лойиҳалар орқали аҳолимизнинг ҳуқуқий маданияти ва билимини ошириш, одам савдосидан жабр кўрган фуқаролар билан ишлашда давлат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш каби ўндан ортиқ масалалар юзасидан мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.

 

ЎзННТМА Ахборот хизмати