Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) ташаббуси билан Навоий шаҳридаги “Дўстлик ва ННТлар уйи”да “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.
ЎзННТМА Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда муассаса шаклидаги “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда ННТлар учун ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни”ни ташкил этишдан мақсад, ННТлар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, фаолиятлари билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни юритиш, ҳисоботларни тайёрлаш, имтиёзлар ва бошқа масалалар бўйича уларни қизиқтираётган саволларга жавоб бериш, ҳуқуқий маслаҳатлар ва консультатив хизматлар кўрсатиш ҳамда уларни қийнаётган муаммоларнинг ечимини тошишга кўмаклашиш.
“Очиқ эшиклар куни”да Навоий вилоят Адлия бошқармаси, вилоят Статистика бошқармаси масъул ходимлари, 30 га яқин ННТ вакиллари ва ННТ ташкил этиб, шу соҳада фаолият юритиш истагида бўлган фуқаролар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Тадбир иштирокчиларига мутахассислар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш орқали уларни қизиқтирган масалалар, қийнаб келаётган муаммолар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Жумладан, ЎзННТМА аъзоси бўлган Навбаҳор туман “Илҳом” футбол клуби вакили ташкилот ҳисоб рақами вақтинча ёпиб қўйилганлиги, айни вақтда грант маблағини тушириб олишда муаммоларга дуч келаётганини айтиб мурожаат қилди. Бунга жавобан “Мадад” ННТ ходими томонидан шу ернинг ўзида Навоий вилоят Навбаҳор туман солиқ бошқармаси билан боғланиб, ушбу муаммони ҳал этди.
Бундан ташқари, 2022 йилда ташкил этилган Навоий вилоят “Зиёкор” ННТ раҳбари Г.Равшанова ташкилотчиларга мурожаат қилиб, яқинда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг грант маблағини қўлга киритганини ва лойиҳа бўйича ишлар олиб борилаётгани, эндиги эълон қилинадиган танловларда иштирок этиш ҳуқуқи бор-йўқлиги, икки ёки ундан ортиқ фонд маблағини қўлга киритган ҳолда уларни бошқариш тартиби қандай бўлиши ҳақидаги савол билан мурожаат қилди. Унга жавобан, “Мадад” ННТ ва ЎзННТМА ҳудудий бўлинмаси ходимлари тегишли тушунчалар бериб, грант маблағини ишлатиш тартиб-қоидалари билан таништирдилар.
“Очиқ эшиклар куни”га ташриф буюрган Ўзбекистон инсон хуқуқлари “Эзгулик” жамияти Навоий вилояти бўлими раҳбари Р.Рустамов меҳнат қонунчилигига киритилган ўзгаришларга кўра, ҳар бир ташкилот (жумладан, ННТлар ҳам) ўз ходимларини иш ҳақи билан таъминлаши кераклиги, лекин ташкилотда на грант, на субсидия маблағи мавжуд бўлмаган ҳолда қандай йўл тутиши мумкинлигини сўраб мурожаат қилди. “Мадад” ННТ Навоий шаҳар бўлими раҳбари И.Ахадов амалдаги қонунчилик тартиби билан таништириб, ўз маслаҳатларини берди.
ЎзННТМА Навоий вилоят бўлинмаси раҳбари К.Бабакулова янги ННТ очиш мақсадида ташриф буюрган 2 нафар фуқарога ННТ ташкил этиш тартиб-қоидалари ва шартлари ҳақида тўлиқ маълумот бериб ўтди.
Умуман олганда, ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” ташриф буюрган иштирокчилар учун ҳар томонлама қизиқ ва фойдали бўлди.
Унда иштирок этганлар шу каби “Очиқ эшиклар куни”ни мунтазам ташкил этиш, айниқса чекка ҳудудларда ҳам ўтказиш таклифини билдиришди.
ЎзННТМА Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси