Норинда “Истеъмолчилар уйи” очилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси давлатимиз раҳбарининг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ҳамда ушбу Фармон асосида тасдиқланган “йўл харитаси”да белгиланган вазифалардан келиб чиққан, бугунги кунда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан янада ривожлантириш бўйича инновацион ғоялар орқали ўз ташаббусига таянган ҳолда фаолият кўрсатаётган жамоатчилик ташкилоти сифатида турли лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриб келмоқда.

Федерация томонидан Давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида “Истеъмолчи кутубхонаси” ҳамда “Истеъмолчилар уйи” ларини “давлат+фуқаролик жамияти институтлари+тадбиркорлик субъектлари” тамойилига асосланган ҳолда истеъмолчилар учун қуриб ишга туширилмоқда.

Наманган вилоятининг Норин тумани марказида ҳам “Истеъмолчилар уйи” маъмурий комплекси фойдаланишга топширилди. Унда аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш мақсадида ташкил этиладиган “Истеъмолчи кутубхонаси” билан бир қаторда, хорижий тилларни ўргатишга ихтисослаштирлиган ўқув маркази фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Куни кеча мазкур бинони тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Федерация марказий аппарати, вилоятлар ҳудудий бирлашмалари масъул ходимлари, маҳаллий ҳокимлик ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Очилиш маросимида сўз олган ЎзННТМА Наманган вилоят худудий бўлинмаси бошлиғи И.Каримов ҳудудда ўз иш фаолиятини бошлаётган “Истеъмолчилар уйи” туман аҳолиси, истеъмолчиларининг ҳуқуқий билимларини ва истеъмол маданияти ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бунда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш маскани бўлиб қолишини эътироф этди.

Бугун вилоятда бу каби ташаббуслар кенг қулоч ёзган. Қувонарлиси бундай ҳайрли ишларда ННТларнинг улуши катта. Тадбирда сўз олган меҳмонлар мана шундай лойиҳалар кўлами ортишини истаб, Федерациянинг келгуси ишларида муваффақитялар тилашди.

 

ЎзННТМА Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси.