Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташаббуслари қўллаб-қувватланади

2024 йил 25 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан Давлат бошқаруви академияси ва Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан ҳамкорликда "2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишда ННТлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш” мавзуида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, Жамоат фондлари ва ННТлар раҳбарлари иштирок этди.

Қайд этилдики, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Хусусан, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликнинг самарасини ошириш, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини икки баробарга ошириш, Халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига ажратилаётган маблағлар ҳажмини етти баробарга ошириш белгиланди.

Ўтга вақт мобайнида мазкур вазифалар ижросида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг фаоллиги ортганлигини кўриш мумкин. Айниқса, уларни қўллаб-қувватлашга бўлган эътибор йил сайин ошиб бормоқда.

Биргина мисол, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан 2023 йилда 226,4 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 1.3 трлн. сўмни ташкил этди.

Таъкидландики, мазкур кенг кўламли ислоҳотларнинг бевосита иштирокчиси бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг замонавий билим ва малакага эга бўлишлари муҳим аҳамиятга эга.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 750 нафар ННТлар раҳбарларининг малакасини ошириш режалаштирилган.

Шу кунга қадар 300 та ННТ раҳбарлари ўқитилди. 2024 йилнинг ўзида ҳам икки босқичда 200 нафар раҳбарларни ўқитиш режалаштирилган.

Бугун мазкур ўқувларнинг биринчи босқичи якунланди. Унда 67 нафар ННТ раҳбарлари ўн кун давомида фаолиятига оид халқаро тажриба бўйича энг замонавий назарий билимлар билан танишиб, давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали ташкил қилиш ҳамда иш вақтини оқилона тақсимлаш, инсон ресурсларини бошқариш, шахсий самарадорликка эришиш бўйича бошқарув компетенцияларини ривожлантириш бўйича зарурий билим ва кўникмаларига эга бўлишди.

Тадбирда ушбу ўқувларни муваффақиятли тамомлаган ННТлар раҳбарларига Давлат бошқаруви академиясининг сертификатлари топширилди.

 

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари

миллий ассоциацияси Ахборот хизмати.