Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташаббускор гуруҳи ҳамда фаоллари мурожаатномасига ахборот

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташаббускор гуруҳи ҳамда фаоллари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 июндаги 328-сон қарори бўйича мурожаатномасига
АХБОРОТ

Ташаббускор гуруҳнинг мурожаатномасида кўтарилган масалаларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, қуйидагиларни маълум қиламиз.

Биринчидан, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси 150 та ННТ ташаббуси билан тузилган бўлиб, унинг асосий
ва устувор вазифаси ННТ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилишдир.

Ассоциацияга 1 400 га яқин ННТ аъзо бўлиб, уларнинг ҳуқуқларини мустаҳкам ҳимоясини таъминлаш мақсадида ташкилот тузилмасида ННТларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича алоҳида бўлим ташкил этилган.

2022 йилнинг ўтган даври давомида ННТлар томонидан Ассоциацияга турли масалаларда 30 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Бироқ, ушбу вақт мобайнида Ҳукуматнинг 2022 йил 13 июндаги 328-сон қарорини бекор қилиш ёки уни амалиётда қўллашда вужудга келаётган муаммолар юзасидан мурожаат бўлмаган.

Шунга қарамасдан Ассоциация ўз мақсад ва вазифаларига мувофиқ ушбу қарор кучга кирган кундан бошлаб мутасадди давлат идоралари билан алоқа ўрнатиб, улар билан қарор талаблари ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда миллий ННТларга ортиқча қийинчиликлар вужудга келтирмаслиги юзасидан муҳокамаларни олиб бормоқда.

Иккинчидан, Адлия вазирлигининг қарор юзасидан изоҳида ҳужжат ННТга бюрократик тўсиқ ёки чеклов ўрнатишга қаратилмаганини, уларнинг фаолият эркинлиги, мустақиллиги таъминланишини ва ички ишларига ноқонуний аралашишга йўл қўйилмаслигини қатъий таъкидлаган.

Ўз навбатида, Ассоциация ННТларнинг ижтимоий фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай сунъий тўсиқларни қўллаб-қувватламайди ва ННТ фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи, уларнинг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил қилишга кўмаклашувчи орган сифатида Адлия вазирлигининг юқоридаги позициясига умид билдиради.

Учинчидан, Ассоциациянинг 160 га яқин фаол ННТ орасида ўтказган сўровномаси таҳлили шуни кўрсатдики, кўплаб ННТлар давлат ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлик алоқалари сустлигини, бунда, биринчи навбатда, давлат органларининг масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш зарурлигини қайд этган.

Бу борада қабул қилинган қарор айнан ННТларнинг давлат органлари билан ҳамкорликка бўлган эҳтиёжини қондиришига ҳамда улар ўртасида ҳеч қандай тўсиқларсиз маслаҳатлашувлар ўтказиш, тажриба ва маълумот алмашиш имкониятини яратишига ишонамиз.

Тўртинчидан, мамлакатимизда илк маротаба ташкил этилган “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлиги” мавзусидаги Миллий форумда ҳам мазкур ҳужжат юзасидан кенг муҳокамалар олиб борилган ва тадбир якуни бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси лойиҳасига Вазирлар Маҳкамаси қарорининг фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига таъсирини ўрганиб чиқиш масаласи киритилган.

Бешинчидан, 2021 йилдан бошлаб Ассоциация томонидан Давлат бошқаруви академиясида ННТ раҳбарлари учун махсус ўқув курслари ташкил этиб келинмоқда ва уларда халқаро грантларни жалб этиш бўйича ННТ вакилларининг билим ва кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни Ассоциация ННТларнинг халқаро ҳамкорлигини кучайтириш орқали мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнларида “учинчи сектор” иштирокини кенгайтиришдан манфаатдордир.

Ассоциация миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва илгари суришда барча ННТларни бирлашишга чақиради ҳамда ташаббускор гуруҳ аъзоларига ННТларга қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шароитлар яратиш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш учун муҳокама майдонини яратишга тайёр эканини маълум қилади.

ЎзННТМА Ахборот хизмати