Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, “Юксалиш” УМҲ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва бошқа манфаатдор давлат органлари ва ННТлар ҳамкорлигида “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органларининг ҳамкорлиги” мавзуида нодавлат нотижорат ташкилотларининг Миллий форуми ташкил этилди.
Форумда миллий ва хорижий экспертлар, соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар ҳамда ҳудудлардаги ЎзННТМА бўлинмалари ходимлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Қайд этиш жоизки, 2022 йилда илк маротаба инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган ҳужжатлар ва уларнинг ижроси, энг асосийси, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари учун соҳа доирасида фикр алмашадиган конструктив мулоқот майдонини яратиш мақсадида айни мавзуда нодавлат нотижорат ташкилотларининг Миллий форуми ўтказилди. Унда кўтарилган мавзулар долзарблиги, мамлакат ривожи йўлида муҳим аҳамият касб этишини инобатга олиб, ушбу Форумни ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиш учун ўзига хос замин яратилди.
Шуни инобатга олиб, жорий йилда ҳам Форум доирасида яратилган давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги умумий мулоқот платформасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ҳамда 2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси ижросини таъминлаш ҳамда ННТларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилиш, улар бўйича мамлакатимиз фуқароларига хизмат қиладиган таклиф ва қарорлар қабул қилиш учун соҳа вакиллари яна жам бўлди.
Форум иштирокчиларининг эътироф этишича, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинди. Уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг жами 78 бандидан 62 банд бўйича ишлар бажарилган, 16 бандни амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда. Биргина 2022 йилнинг ўзида Миллий стратегия доирасида Янги Меҳнат кодекси қабул қилиниб, меҳнатга оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш асослари инсоннинг меҳнат ҳуқуқларига оид халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштирилди.
Шунингдек, 2022—2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур тасдиқланди. Унинг мантиқий давоми сифатида давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган истиқболли хотин-қизларнинг ягона электрон базаси яратилиб, унда 25 мингдан ортиқ раҳбарликка номзод хотин-қизларнинг захира рўйхати шакллантирилди.
Қолаверса, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашиш Миллий дастури тасдиқланди. Унга кўра, 2022 йилда 12146 нафар имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига кўмаклашиш белгиланиб, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия берилиши мустаҳкамланди.
Энг асосий эътироф этиш зарур бўлган ютуқ - мамлакатда болалар меҳнатига батамом барҳам берилди. Мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари кескин қисқарди, одам савдоси қурбонлари учун бошпана ташкил қилишга маблағ ажратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
2022 йил 4 октябрда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 51-сессиясида Ўзбекистон ташаббуси билан “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари” резолюцияси қабул қилинди. Унда ёшларнинг ўз мамлакатлари ривожланишидаги иштирокини кенгайтириш, ёшларни виртуал оламдаги таҳдидлардан ҳимоя қилиш, ёшлар учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича ташаббусларни илгари суриш, ёшларнинг ўз ҳаёт тарзига таъсир ўтказадиган қарорларни қабул қилишда қатнашиши каби масалалар ифодаланди.
Буларнинг натижасида 2021-2022 йилларда қонун устуворлиги, норма ижодкорлиги сифати, ҳукумат фаолияти самарадорлиги, сўз ва ахборот эркинлиги, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, бизнесни олиб бориш шарт-шароитлари каби рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш бўйича муайян ютуқларга эришилди. Жами 24 та рейтингнинг 15 тасида Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланди, 3 та рейтингда давлатимиз илк маротаба эътироф этилди.
Форум ялпи мажлисида қайд этилдики, жорий йилда “Инсон-жамият-давлат” тамойили асосида қабул қилинган Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг, айниқса, инсон ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш борасида мамлакатда олиб борилаётган сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди ва мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди.
Қолаверса, 2021 йил 7 июнда Ўзбекистонда қонун ижодкорлигида илк бор ноёб тажриба қўлланилди. Яъни “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция дастлаб миллий қонунчиликка имплементация қилиниб, шундан кейин ратификация қилинди. Конвенциянинг ратификация қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида замонавий усуллар ва халқаро стандартларни жорий этиш, Конвенциянинг асосий қоидаларини амалга ошириш, шунингдек Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Ҳеч кимни ортда қолдирманг” тамойилини амалга оширишга янада кенгроқ имкониятларни яратиб берди.
Амалга оширилган ишлар сарҳисоби сифатида жорий йилнинг 28 июль куни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси бажарилиши бўйича Ўзбекистон Республикасининг биринчи миллий маърузаси тақдим этилди.
Мазкур ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш мақсадида форум ялпи мсажлисида сўз олганлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда давлат органлари ҳамда ННТларнинг ўзаро ҳамкорлигида эришилган натижалар ва ривожланиш истиқболлари ҳамда ННТларнинг соҳага оид ташаббуслари ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш масалаларида маърузалар қилиб, фикр-мулоҳаза алмашдилар.
Шунингдек, Форумда кўтарилган масалалар муҳокамаси икки шўъбада давом этди. Унда ўнга яқин давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларининг соҳага оид нутқлари тингланди.
Хусусан, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва ролини ошириш, болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий институтлар ва ННТларнинг аҳамияти, ногиронлиги бўлган шахсларга қулай муҳит яратиш ва ижтимоий интеграцияни амалга оширишда ННТларнинг ролини кучайтириш, ОАВнинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг лозим даражада бажарилишида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалалари эътибор марказида бўлди.
Қолаверса, БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси қоидаларининг бажарилиши устидан жамоатчилик мониторингини ўтказишда ННТларнинг фаоллигини ошириш, инсоннинг шахсий, ижтимоий, сиёсий, маданий, экологик ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда жамоатчилик назоратининг ўрни ҳамда таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш амалиёти ва мавжуд камчиликлар ҳам Форум иштирокчилари томонидан қизғин муҳокама этилиб, қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Шу билан бирга, шўъба мажлисларида давлат органлари ва фуқаролик жамиятлари институтларининг хотин-қизлар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашдаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва Янги Ўзбекистонда ёшлар билан ишлаш тизимида волонтёрлик асосида таълим, ҳуқуқ, тарбия ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича ҳам соҳа вакилларининг маърузалари тингланди.
Форум давомида қилинган хулоса ва таклифлар жамланиб, Миллий форумнинг якуний натижаси бўйича ҳужжат қабул қилинди. Унда қонунчилик ташаббуси субъектлари томонидан тайёрланган инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига дахлдор бўлган қонун лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжлари ва талабларига мувофиқлигини танқидий таҳлил қилишни амалга оширишда ННТларнинг фаол иштирокини рағбатлантириш ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари тўғрисиадги конверцияларининг мазмун-моҳияти ва инсон ҳуқуқларининг турли жиҳатларига оид янги қабул қилинган қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни амалга ошириш тартибини, бузилган ҳуқуқларни тиклаш усулларини фуқаролар, айниқса, чекка ҳудуд аҳолисига тушунтиришда ННТларнинг бевосита иштирокини кенгайтириш каби ўндан ортиқ масалалар юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Шунингдек, Форум якунида инсон ҳуқулари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун 80 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари тақдирланди.
ЎзННТМА Ахборот хизмати