Нодавлат нотижорат ташкилотларини “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”га жойлаштириш учун тавсиянома бериш тартиби тўғрисида”ги
Н и з о м
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги ПҚ–5012-сон “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги ПФ–6181-сон
“2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларини “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”га (кейинги ўринларда – “ННТ уйлари” деб аталади) жойлаштириш учун тавсиянома (кейинги ўринларда тавсиянома деб аталади) бериш тартибини белгилайди.
I-боб. Умумий қоидалар
1.1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
3 мартдаги ПҚ-5012-сонли Қарорида белгиланган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (кейинги ўринларда – Ассоциация деб номланади) томонидан кенг жамоатчилик таклифлари асосида нодавлат нотижорат ташкилотларини “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”га жойлаштириш учун тавсиянома бериш тартибини белгилайди.
1.2. Жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тегишли тавсияномага эга бўлган ННТларни (кейинги ўринларда – ННТ деб номланади) “ННТ уйлари”га жойлаштириш ишларини амалга оширади.
1.3. ННТлар уйларининг хоналар сони, сиғими тўғрисида ҳокимликлардан маълумот олингандан сўнг, мазкур Низомга асосан Ассоциация томонидан тавсиянома бериш кўриб чиқилади;
1.4. Ассоциация ННТ уйларига жойлаштириш мажбуриятини олмайди.
1.5. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
тавсиянома – ушбу Низомда белгиланган тартибда бериладиган
ва “ННТ уйлари”га жойлашиш учун асос бўладиган ҳужжат.
ижтимоий мезонлар – ННТ уйларига муҳтож ННТларни аниқлашда қўлланиладиган асосий кўрсаткичлар;
ариза берувчи – ННТ – “ННТ уйлари”га жойлашиш мақсадида ариза билан мурожаат қилувчи адлия органларидан рўйхатдан ўтган ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган ННТлар;
комиссия – Ассоциация Кенгаши раҳбарияти ва аъзолари ҳамда Ассоциация ҳудудий бўлинма бошлиқларидан иборат комиссия.
II-боб. Тавсиянома олиш учун ННТлар томонидан
ариза бериш тартиби
2.1. Ариза берувчи ННТ Ассоциация Кенгаши раиси номига ёзма равишда ариза топширади ва қуйидаги маълумотларни илова қилади:
-ариза берувчи ННТнинг адлия органида давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;
-ариза берувчи ННТнинг таъсис ҳужжати (низоми) нусхаси;
-Ассоциацияга аъзолик тўғрисидаги гувоҳнома;
-бинога эга ёки эга эмаслиги тўғрисида маълумот;
-ўтган давр мобайнида (бир ёки икки йил) амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисоботлар;
2.2. Ариза келиб тушган кундан бошлаб 15 иш куни мобайнида (қўшимча ўрганиш зарурият туғилган ҳолда бир ой муддатда) кўриб чиқилиб, натижаси бўйича ариза берувчига ёзма хабар берилади.
2.3. ННТлари тавсияноманинг асл нусхасини ташкилот раҳбари ёки унинг ишончли вакили комиссиядан қабул қилиши мумкин.
2.4. Низом талаблари асосида ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, тавсиянома берилмаслигига асос бўлади. Ҳужжатлар қайтадан тўлиқ тақдим этилгандан сўнг, ариза такроран умумий тартибда кўриб чиқилади.
2.5. Ариза берувчи тақдим этиладиган ҳужжатларга ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлигига жавобгар ҳисобланади.
2.6. ННТларга тавсиянома бериш холислик, очиқлик, шаффофлик ва адолат тамойилларига асосланади.
III-боб. Ариза берувчи ННТларни ижтимоий мезонлар асосида
комиссия томонидан баҳолаш тартиби
3.1. ННТларга тавсиянома бериш қуйидаги мезонларга асосланади:
– адлия органларидан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтганлиги;
– ушбу Низомдаги II-бобнинг 1-бандида кўрсатилган ҳужжатларни тўлиқ тақдим этганлиги;
– ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тармоқ дастурлари ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатганлиги;
– давлат муассислигида ёки ўз ташаббуси билан очилганлиги;
– молиявий аҳволи тўғрисида маълумот (айланма пул маблағлари тўғрисида банк маълумоти);
– ННТнинг ташкилотлар (давлат ва жамоат, халқаро) билан ҳамкорлиги.
3.2. Мезон талабларига асосан лойиқ деб топилган ННТларга Кенгаш қарори билан тузилган Комиссия хулосасига асосан ўрнатилган тартибда тавсиянома берилади.
3.3. Тавсиянома бланкалари тўлдирилгач, назорат ҳисобида турадиган ҳужжат ҳисобланади, ҳисобга олиш тартиб рақамига эга бўлади. Тавсиянома мазкур Низомга илова қилинаётган шаклда Ассоциация томонидан тайёрланади.
3.4. Тавсиянома бланкининг ҳисобини юритиш, сақланиши ва тарқатилиши учун Ассоциация Марказий аппаратининг Ижро назорати ва кадрлар бўйича бош мутахассиси масъулдир.
3.5. Тавсияноманинг амал қилиш муддати бир йил.
3.6. Тавсиянома бланки йўқотилган тақдирда ариза берувчининг мурожаатига кўра, 10 иш куни ичида қайта тикланади.
IV-боб. Якунловчи қоидалар
4.1. Ҳудудий бўлинмалар “ННТ уйлари”га жойлашиш учун Ассоциация топширилаётган барча ҳужжатларни қонуний ва ҳаққонийлигини тўлиқ ўрганиб, ўрнатилган тартибда ўз хулосаларини беришга шахсан масъул ҳисобланади.
4.2. Мазкур Низом талабларининг бузилишига йўл қўйган ННТлар Комиссия қарорига асосан тавсиянома бериш жараёнидан четлаштирилади.
4.3. Тавсиянома Ассоциация Кенгаши раиси ёки унинг ўринбосарлари томонидан имзоланади.
4.4. Мазкур Низомга қўшимча ва ўзгартиш киритиш Кенгаш қарори билан амалга оширилади.
4.5. Ушбу Низом Кенгаш томонидан тасдиқланган кундан эътиборан кучга киради.