Нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари учун ташкил этиладиган малака ошириш курсига тингловчиларни саралаб олиш бўйича очиқ танловни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида низом

Нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари учун ташкил этиладиган малака ошириш курсига тингловчиларни саралаб олиш бўйича очиқ танловни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида низом

Н И З О М

 

I. Умумий қоидалар

 

1.1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2021 йил 4 мартдаги “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги ПФ-6181-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (кейинги ўринларда – Ассоциация), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (кейинги ўринларда – Академия) ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди билан ҳамкорликда 2021 йил 5 ноябрда имзоланган уч томонлама меморандум ижросини таъминлашга қаратилган.

1.2. Низом Ассоциация томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари (кейинги ўринларда – ННТ) раҳбарларини Академияда ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсига (кейинги ўринларда – малака ошириш курси) 2022 йилда – 100 та,
2023 йилда – 150 та, 2024 йилда – 200 та ҳамда 2025 йилда – 250 та тингловчиларни саралаб олиш бўйича очиқ танловни ташкил этиш
ва ўтказишни тартибга солади.  

 

II. Малака ошириш курсларининг мақсади ва вазифалари

 

2.1. ННТлари раҳбарлари учун малака ошириш курсининг мақсади тингловчиларда ННТлар фаолиятини тизимли ва инновацион ташкил қилиш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ижтимоий фаоллигини ошириш, самарали иш услубларини танлаш ва натижадорликка эришиш масалалари бўйича билимларини тизимли ошириб бориш ҳамда амалий кўникмаларни шакллантиришдан иборат.

2.2. Малака ошириш курсини ташкил этишнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

- тингловчиларда ННТлар фаолиятининг жамиятимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини оширишдаги муҳим стратегик мақсад ва вазифалари тўғрисида тизимли ёндашувга асосланган тўлиқ умумкасбий билимларини шакллантиришга эришиш;

- тингловчиларни ННТлар фаолиятига оид халқаро тажриба бўйича энг замонавий назарий билимлар билан таништириш;

- тингловчиларда давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини таъминлаш бўйича амалий билим ва кўникмаларни шакллантириш;

- тингловчиларда давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали ташкил қилиш кўникмаларини такомиллаштириш;

- тингловчиларда иш вақтини оқилона тақсимлаш, инсон ресурсларини бошқариш, шахсий самарадорликка эришиш бўйича бошқарув компетенцияларини ривожлантириш.

 

III.  Малака ошириш курсига тингловчиларни саралаб олиш бўйича очиқ танловни ташкил этиш ва ўтказиш

 

3.1. Адлия органларидан рўйхатдан ўтган ННТлар малака ошириш курси танловида (сиёсий партиялар, диний ташкилотлар ҳамда касаба уюшмалари бундан мустасно) иштирок этиши мумкин.

3.2. Ассоциация томонидан малака ошириш курсларига тингловчиларни саралаб олиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Ишчи комиссия тузилади.

3.3. Малака ошириш курси бошланишидан камида бир ой олдин Ассоциация томонидан очиқ танловни ташкил этиш бўйича оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет тармоқларида эълон берилади.

3.4. Эълонда ўқув курси муддатлари, қабул квотаси, саралашни ўтказиш бўйича белгиланган тартиблар, номзодларга қўйиладиган талаблар ва улар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар тўғрисида маълумотлар берилади.

3.5. Малака ошириш курсига номзодларнинг ҳужжатлари Ассоциация томонидан ташкил этилган махсус электрон почта орқали қабул қилинади.

 

 

IV. Танловда иштирок этиш юзасидан номзодларга
қўйиладиган талаблар

 

4.1. Талаб этиладиган ҳужжатлар:

- Ариза (1-иловага мувофиқ);

- ННТ раҳбарининг маълумотномаси (объективка, 2-иловадаги намуна шаклида);

- ННТ раҳбари этиб тайинланганлиги тўғрисидаги ҳужжатдан кўчирма;

- ННТ раҳбарининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (фуқаролик паспорти, ID картаси) нусхаси;

-  ННТ раҳбарининг фотосурати – 1 дона (9 х 12 ҳажмда, оқ фонда);

- ННТ гувоҳномаси нусхаси;

4.2. Ҳужжатларни тақдим этишга доир талаблар:

- намунадаги шакл асосида тўлиқ ва тўғри тўлдириш ҳамда ўрнатилган тартибда тасдиқлаш;

- барча ҳужжатларни белгиланган муддатдан кечиктирмаган ҳолда электрон манзилга юбориш;

- юборилган ҳужжатларга қўшимча аниқлик киритиш зарурати юзага келганда, ишчи комиссиянинг сўровлари бўйича ўз вақтида маълумотларни тақдим этиш.

4.3. Белгиланган талаблар тўлиқ бажарилмаганда, сўралган ҳужжатлар тақдим этилмаганда ёки муддатдан кечиктириб топширилганда номзоднинг ҳужжатлари саралашда иштирок этмаслигига сабаб бўлади.

4.4. Саралаш босқичидан ўта олмаган номзодларнинг ҳужжатлари навбатдаги ташкил этиладиган малака ошириш курсининг саралаш босқичига татбиқ этилмайди.

4.5. Навбатдаги малака ошириш курсига олдинги саралаш босқичидан ўта олмаган номзодлар қайтадан ҳужжат топшириш ҳуқуқига эга.

4.6. Малака ошириш курсини битирган ННТ раҳбарлари навбатдаги ташкил этиладиган ўқув курсига такроран ҳужжат топширган тақдирда, саралаш босқичига қўйилмайди.

 

V. Номзодларни саралаб олиш бўйича Ишчи комиссиянинг вазифалари

 

5.1. Ишчи комиссия Ассоциация Кенгаши аъзолари, Ижро этувчи девон ходимлари ва ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат таркибда тузилади.

5.2. Ишчи комиссия таркиби Ассоциация Кенгаши раиси томонидан тасдиқланади ҳамда унга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.

5.3. Ишчи комиссия малака ошириш  курсига саралаш босқичини ташкил этиш даврида ўз фаолиятини олиб боради.

5.4. Танловда белгиланган квота ҳудудлардаги ННТларнинг умумий сонидан келиб чиққан ҳолда тақсимланади.

5.5. Саралаш жараёнида турли йўналишларда фаолият юритаётган ННТлар соҳалари тақсимотига эътибор берилади.

5.6. Ишчи комиссия номзодларни саралаб олишда қуйидаги мезонларга аҳамият қаратади:

- ННТнинг устав мақсад ва вазифалари долзарб ижтимоий муаммолар ечимига қаратилганлиги;

- ННТ раҳбарининг асосий иш жойи ушбу ташкилотда эканлиги ва соҳа бўйича иш тажрибаси;

- ННТнинг давлат идоралари ва ташкилотлар билан ҳамкорлиги;

- ННТнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги;

- ННТнинг маҳаллий ва халқаро грантлардаги иштироки ҳамда лойиҳаларнинг самарадорлиги;

- ННТнинг моддий-техник таъминоти ва молиявий ҳолати; (моддий-техник таъминоти ва молиявий ҳолати паст ёки юқори бўлишидан қатъий назар ишчи комиссия томонидан инобатга олиниши мумкин).

- Ўз фаолиятини ривожлантиришга интилаётган ҳамда
ўз ташаббуси билан очилган ННТлар ишчи комиссия томонидан эътиборга олинади.

5.7. Саралаб олинган номзодлар рўйхати шакллантирилади ҳамда Ишчи комиссия йиғилиши қарори билан тасдиқланиб, эълон қилинади.

5.8. Ишчи комиссиянинг қарорига кўра, сараланган
ННТ раҳбарларига малака ошириш курсида иштирок этиш учун Ассоциациянинг Ижро этувчи девон томонидан хабар берилади.

 

VI. Танловнинг саралаш босқичида танланган ННТ раҳбарига қўйиладиган талаблар.

 

6.1. Танлаб олинган ННТ раҳбари айрим сабабларга кўра, малака ошириш курсида қатнаша олмаслиги тўғрисида мурожаат қилган тақдирда, унинг ўрнига ташкилотнинг бошқа ходими иштирок этишига йўл қўйилмайди.

6.2. Саралаб олинган ННТ раҳбарлари малака ошириш курсига
ўз вақтида етиб келишлари ва белгиланган қоидаларга риоя этишлари, шунингдек, ўқув жараёнларида фаол иштирок этишлари талаб этилади.

6.3. Малака ошириш курсини якунлаган ННТ раҳбарлари зиммасига ЎзННТМА билан ҳамкорликда жойлардаги
ННТ вакилларининг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган тадбирларда иштирок этиш мажбурияти юклатилади.

        

VII. Якуний қоидалар.

 

7.1. Тингловчиларга Академия томонидан малака ошириш курсини тамомлаганлиги тўғрисида сертификат топширилади.

7.2. Ассоциация ва тингловчилар ўртасида ҳамкорлик келишуви шартномаси имзоланади ҳамда “Тренерлар штаби”га аъзолик  сертификати тақдим этилади.

7.3. Низомга қўшимча ва ўзгартириш киритиш Ассоциация Кенгаши аъзолари билан келишилган ҳолда Кенгаш раиси томонидан амалга оширилади.

7.4. Ушбу Низом Ассоциация Кенгаши раиси томонидан тасдиқланган кундан эътиборан кучга киради.