Нодавлат нотижорат ташкилотлари бирлашмасининг 2021 йилги режалари муҳокамаси

 

Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари бирлашмаси томонидан унинг 2021 йилга мўлжалланган иш режаларини муҳокама қилишга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси аъзолари, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Тадбир ҳам анъанавий офлайн режимда, ҳам видеоконференцалоқа шаклида ўтказилди. Давра суҳбати давомида пандемия шароитида бирлашма аъзоларининг фаолияти тўғрисида ахборот эшитилди ва Давлат дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Иштирокчилар мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда ўзгаришларнинг натижаларини қайд этиб, 2019 йил сентябрь ойида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг хотин-қизлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш соҳасида бир қатор фармонлари ва қарорлари қабул қилиниши билан гендер бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари ривожлана бошланганини таъкидлади.

Ҳукумат томонидан муҳтож хотин-қизларни уй-жой, иш билан таъминлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш учун уларга мақсадли кредитлар ажратиш бўйича амалга оширилаётган мақсадли чора-тадбирлар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг самарали механизмлари ҳисобланиши таъкидланди. Тадбирда гендер тенгликни таъминлаш масалалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари бирлашмасининг жорий йилда режалаштирилган тадбирлар бўйича иш режаси муҳокама қилинди.