Нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди

Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтлари, айниқса нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ўз ўрни бор. Шу мақсадда мазкур жараённинг самарали ишлаши учун фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари ўртасида мулоқотни таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

Бироқ ҳар доим ҳам уларнинг таклиф ва тавсиялари эътиборга олинмаётгани бор гап. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари мавжуд ҳолатни ўрганишди ва ушбу фаолият вакиллари билан мулоқот қилишди.

Халқимизнинг фуқаролик салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган шароитлар яратиш, стратегик, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш, давлат ташаббусларини қўллаб-қувватлаш каби соҳаларда эҳтиёж кучли эканлиги ҳаммамизга маълум. Бу ўринда нодавлат-нотижорат ташкилотларининг фаолияти ҳам муҳим ва улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида конструктив мулоқот ўрнатиш масалаларига эътибор талаб этилади. Учрашувда депутатлар ушбу фаолият вакиллари билан мазкур жараёнларга эътибор қаратишди ва мавжуд муаммолар таҳлил қилинди.

Иштирокчилар ўз фаолияти олдида тўсиқ бўлаётган баъзи бир жиҳатларга эътибор қаратишди ва бу бўйича ечим топилишига умид билдирган ҳолда депутатларга юзланишди. Халқ вакиллари эса айни жараённинг муҳимлиги ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари эҳтиёжларининг ҳолис таҳлилини таъминлаш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигини айтиб ўтишди.