Ёшлар йўналишидаги ННТларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда улар “Ёшлар дафтари”га киритилганлар билан ишлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, ёшлар инфратузилмаларини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, ёшлар сиёсатини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш каби йўналишларда фаолият олиб боришмоқда.
Бугун анашундай фаол ННТларга раҳбарлик қилиб келаётган ёшлар иштирокида “Янги Ўзбекистонда менинг фаол ўрним” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ёш раҳбарларини иш фаолияти ва тажриба алмашиши учун платформа яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, қолаверса нодавлат нотижорат ташкилотларининг ёш раҳбарларини бирлаштириш, мулоқот майдони яратиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбир онлайн ва офлайн шаклда ташкил этилди.
Таъкидландики, бугунги кунда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси нодавлат нотижорат ташкилотларининг ёш раҳбарларининг фаолиятини кучайтиришга, уларнинг фаолиятидаги ютуқ ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга, соҳадаги илғор тажриба ва янгиликлар билан таништиришга ҳамда ННТлар билан давлат органлари ҳамкорлигининг истиқболли йўналишларини аниқлашга яқиндан кўмак бериб келмоқда.
— Бугунги кунда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси 1 700 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотларни бирлаштиради, - дедйи ЎзННТМА раиси К.Ишанходжаев. — Ушбу аъзо ННТларнинг 156 тасида 35 ёшгача бўлган ёш раҳбарлар фаолият олиб боришмоқда. ЎзННТМА келгусида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ёш раҳбарларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга, шунингдек Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал кун тартибидаги Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда 2022-2026 йилларда ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш бўйича Давлат дастурини амалга оширишда ёшларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратади.
Шунингдек, тадбирда сўз олган Адлия вазирлиги вакили ННТларда раҳбарлик қилаётган ёшларнинг қонунчилик ташаббусларини вазирлик ҳамиша қўллаб-қувватлашга, фаолиятида юзага келаётган масалаларни ижобий ҳал этишга ҳамиша тайёр эканлигини билдириб ўтди.
Тадбирда ёш раҳбарлар ўз фаолияти, амалга ошираётган ишлари ва истиқболдаги режаларига бағишланган тақдимотларини ҳам намойиш этишди.
Шунингдек, муваффақиятларга эришиб келаётган, кўп йиллик тажрибага эга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси вакиллари ўз меҳнат фаолияти, ижтитмоий муаммоларни, айниқса, ёшлар ўртасидаги масалаларни лойиҳалар орқали ҳал этиш, ташкилотнинг молиявий ҳолатини яхшилаш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашадилар.
Тадбир якунида нодавлат нотижорат ташкилотларига раҳбарлик қилаётган ёшларни соҳага оид билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида туркум семинар-тренинглар ташкил этишга келишиб олинди.
ЎзННТМА Ахборот хизмати