Куни кеча янги таҳрирдаги Конституциямизнинг мазмун ва моҳиятини аҳолига етказишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллигини оширишга қаратилган семинар-тренинг ўтказилди.
Семинар-тренинг ЎзННТМА, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Тошкент давлат юридик университети ва Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда ўтказилди. Тадбирда юздан ортиқ ННТлар вакиллари онлайн тарзда бевосита иштирок этишди.
Тадбирни очиб берган ЎзННТМА раиси К.Ишанходжаев янгиланаётган Конституция лойиҳасида халқимизнинг азалий орзу-умидлари акс этганлигини, унинг ҳар бир нормасида “инсон қадри” ғояси мужассам эканлигини таъкидлади.
Шундан келиб чиқиб, жойларда кенг аҳоли қатламига мазкур хужжат лойиҳасининг асл мазмун-моҳиятини етказишда қуйи бўғинларда бевосита фуқаролар билан ишловчи ННТлар вакилларининг роли муҳимлиги таъкидланди.
Қайд этилдики, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, ЎзННТМА ва Барқарор ривожланиш маркази томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг лойиҳаси ва референдумга оид тарғибот тадбирларини ўтказиш, ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича биргаликда амалга ошириладиган қўшма режа имзоланди. Ҳудудларда тарғибот ишларини йўлга қўйиш мақсадида Республика ва ҳудудий ННТ вакилларидан иборат 167 кишилик тарғибот гуруҳлари шакллантирилди.
Бугунги кунда мазкур гуруҳ вакиллари жойларда турли учрашувлар, тадбирлар ташкил этиб, референдумнинг ҳуқуқий асослари, уни сайловлардан фарқи, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари, қолаверса Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида аҳолини хабардор қилиб келишмоқда.
Шунингдек, ННТларнинг бу борадаги фаоллигини янада ошириш, уларни керакли материаллар билан таъминлашда ЎзННТМА томонидан зарурий чоралар кўрилгани, қолаверса юртимиздаги бир қатор фаол йирик ННТлар томонидан ҳам аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш учун барча чора-тадбирлар амалга оширилгани қайд этилди.
Семинарда ННТлар томонидан тарқатма ва медиа материаллар тайёрлашда аҳамият бериши керак бўлган муҳим жиҳатларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди ҳамда янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни аввал чуқур ўрганиб, кейин одамларга етказиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Шу нуқтаий назардан келиб чиқиб, Конституциядан ўрин олган янги моддалар соҳа олимлари томонидан шарҳлаб берилди.
Семинар-тренинг ННтлар вакилларининг савол жавоблари билан давом этди.