ННТлар ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш истиқболлари

Ҳаммамизга маълумки, Янги Ўзбекистон тарихида муҳим ўрин эгаллаётган дастурий ҳужжат, яъни Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида қатор янги ғоя ва ташаббуслар илгари сурилган ҳамда белгилаб берилган. Ушбу ташаббуслар мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бардавомлиги ва изчиллигини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Мурожаатномада Президентимиз барча депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун Ўзбекистон халқига қарата «демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир» деб таъкидладилар ҳамда «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» деган янги ғояни ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги устувор вазифаларни белгилаб берди.

Шунингдек, ушбу ғояни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари зиммасига юкланган масъулиятни яна бир бор уқтириб «Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади» деб таъкидладилар.

«Бунинг учун мамлакат ва ҳудудлар даражасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиб, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни кўпайтиришимиз керак. Вазирлик ва идоралар ҳам бир четда томошабин бўлиб ўтирмасдан, бундай ижтимоий ҳамкорлик ишларини кенгайтириши лозим. Шунинг учун Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг фаолиятини такомиллаштириш даркор» деб, қатъий вазифаларни белгилаб берди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» деган эзгу ғоянинг илгари сурилиши мамлакатимизда демократик ислоҳотларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаоллигини оширишда муҳим қадам бўлди. Мурожаатномада, шунингдек, бу йўналишдаги ишларни тизимли асосда ташкил этиш, янада янги, юқори босқичга кўтариш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисидаги»ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлди.

Бугун Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш босқичидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ижтимоий шерикликнинг субъектлари сифатида, бир томондан давлат органлари, иккинчи томондан эса нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирок этади. Ижтимоий шериклик ўзаро ҳамкорликнинг бир шакли. Унда субъектлар ўзаро тенг муносабатга киришади. Маълумки, ижтимоий ҳамкорликда ўзаро муносабатга киришаётган томонлардан бири юқори ёки қуйи мақомга эга бўлса, ёхуд бир томон буюрувчи, иккинчи томон бўйсунувчи шаклида муносабатга киришса, ижтимоий шерикликда ҳар икки томон ҳам бир хил мақомга эга бўлади. Ҳозирги кунда ижтимоий шериклик субъектлари сифатида нафақат иш берувчи ва ходим балки, давлат билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар, ижтимоий алоқаларга киришган давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари назарда тутилади. Шу нуқтаи назардан, ижтимоий шериклик мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш бўйича ўтказилаётган кенг кўламли ишлар самарадорлигини оширишга, катта ижтимоий аҳамиятга молик дастурлар ва қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш жараёнида аҳолининг кенг қатламлари манфаатларининг ҳар томонлама ҳисобга олинишига хизмат қилиши шубҳасиздир.

Бугунги кунда, Ўзбекистонда ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш сиёсатини такомиллаштириш, шунингдек, Шарқ ва Ғарб давлатларининг ижтимоий шерикликни ривожлантиришга доир тажрибасидан ҳам самарали фойдаланиш зарурати мавжуддир.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда учинчи сектор ва ижтимоий шериклик ислоҳотлар драйвери бўлиши керак.

 

Насимжон АЛИМОВ,
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари
миллий ассоциацияси Кенгаши раиси