Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини йўналтириш, ривожлантириш, шунингдек, самарадорлиги ва сифатини оширишга кўмаклашиш ҳамда давлат органлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида уларнинг соҳага оид билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг соҳавий салоҳиятини янада ошириш, халқаро ташкилотлар билан ишлаш, мамлакатдаги муҳим ижтимоий соҳаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш, ўрганишлар натижаси юзасидан таҳлилий маълумотлар тайёрлаш ҳамда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардорлигини оширишга қаратилган тўрт кунлик махсус ўқув ташкил этилди.
Халқаро даражадаги ва маҳаллий тренерлар томонидан олиб борилган машғулотларда халқаро ташкилотлар билан ишлаш амалиёти, тажриба ва истиқболдаги вазифалар, таҳлилий маълумотлар тайёрлаш ва уларнинг муҳим жиҳатлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Ўқув давомида кичик амалий машғулотлар ҳам ўтказилди. Унда иштирокчилар берилган маълумотлар асосида турли йўналишларда тақдимотлар тайёрлаб, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ногиронлиги бор шахслар учун шарт-шароитлар яратиш, хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик йўналишларида таҳлилий маълумотлар тайёрлашди.
Малака ошириш курсини тамомлаган ННТ ходимларига ЎзННТМАнинг сертификатлари топширилди.
Қайд этиш керак, машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 192-сонли қарорига асосан пойтахтимиздаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ташкил этилган янги Ахборот ресурс марказида бўлиб ўтди.
Мазкур Ахборот ресурс маркази Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Эндиликда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда фаолият олиб бораётган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да ҳам Ахборот ресурс марказлари ННТга фойдаланиш учун топширилади.
Ундан ННТлар грант лойиҳаларини ёзишда, ҳисоботларни тайёрлашда, умуман фаолиятига оид бўлган ишларни бажаришда фойдаланишлари мумкин.
Ахборот ресурс маркази замонавий компьютер, интернет ва ишлаш учун қулай бўлган барча шароитлар билан таъминланади.
ЎзННТМА Ахборот хизмати