ННТлар қонунчилик нормалари базасининг тақдимоти бўлиб ўтди

Қарши шаҳрида “Мадад”– муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда ЎзННТМА Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмасининг ташаббуси билан Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда "Мадад" нодавлат нотижорат ташкилоти марказий аппарати ва туман (шаҳар) ҳуқуқий маслаҳат бюролари ходимлари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллиий ассоциацияси Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси, Ногиронлар жамияти ҳудудий бўлинмаси, вилоятда фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, сўнгги тўрт йил ичида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан 117 милд. сўм маблағлар ажратилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди. Бунинг натижасида 20 га яқин қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Тадбирда “Мадад” ННТ томонидан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ахборот, маслаҳат ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш” гранти лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти бўйича қонунчилик нормалари базасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда республикамизда фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари учун бир қатор қулайлик ва имкониятлар яратиш мақсадида ушбу электрон база ишлаб чиқилганлиги, базада мавжуд 15 дан ортиқ бўлимлар нодавлат ташкилотлари фаолиятида муҳим ҳисобланган турли ҳуқуқий ахборот ва маълумотлар билан бойитилганлиги, базанинг яна бир муҳим жиҳати, ундаги барча электрон маълумотлар фойдаланувчилар учун тушунарли, оддий ва қулай шаклда жойлаштирилганлиги таъкидланди.

Давра суҳбатида сўз олган ННТ вакиллари, “Мадад” ННТ томонидан ушбу электрон базанинг яратилиши натижасида нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этишдан бошлаб токи ушбу ташкилотни тугатишгача бўлган жараёнларни ўз ичига олган кенг қамровли ҳуқуқий ахборотга эга бўлиш билан бирга, ушбу база нодавлат ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳам хизмат қилишини эътироф этди.      

Тадбир якунида “Мадад” ННТ томонидан ННТларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Шунингдек, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ННТлар раҳбар ва ходимларини ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш орқали самарали натижаларга эришилиши таъкидланиб, бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

ЎзННТМА Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси