Бухоро шаҳридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва дўстлик уйида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси, Инсон ҳуқуқи маданияти маркази ва Бухоро вилояти адлия бошқармаси билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида “давра суҳбати” ташкил этилди.
Ушбу тадбир 2023 йил 7 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сон Қароридаги вазифалар ижросини таъминлаш бўйича “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги доирасида ўтказилди.
Мазкур Қарор билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.
Ушбу Миллий таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот бериш, маърифат ва ўқитиш тизимини босқичма-босқич кенгайтириш ва такомиллаштиришга, кадрлар тайёрлаш тизимини миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар талаблари асосида сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш борасида мақсадли чоралар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни такомиллаштириш юзасидан муҳим қадамлар қўйилмоқда.
Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш ва баҳолаш тартиби ўрнатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳузурида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ходимлари учун инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил қилинди.
Қайд этилдики, жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссининг шаклланиши, халқаро ташкилотлар тавсияларининг бажарилиши учун суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари бўйича малакасини ошириш ишларини тизимли йўлга қўйиш лозим.
Соҳадаги камчиликлар мамлакатимизда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, уларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссининг шаклланишига, давлат хизматчиларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларининг ошишига тўсқинлик қилмоқда.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини қабул қилиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ташкил этилган мазкур тадбирда иштирокчиларга юқоридаги масалала бўйича тушунтиришлар ва уланинг қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
ЎзННТМА Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси