Бугун Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик Жамғармаси (YUNFPA) билан ҳамкорликда, Буюк Британия ҳукуматининг молиявий кўмагида Термиз шаҳрида «Гендер зўравонликнинг олдини олиш ва огоҳлантириш, зўравонлик жабрланувчиси ҳамда уни содир этган шахс билан комплекс ишлаш» мавзуида Сурхондарёдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, вилоят Оила ва хотин қизлар бошқармаси вакиллари учун уч кунлик тренинг ўз ишини бошлади.
Семинар-тренинг давомида иштирокчиларнинг хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш, гендер зўравонликдан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш, зўравонликни содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахслар билан профилактика ва тузатиш ишларини олиб бориш йўналишидаги салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Тренинг очилишида таъкидландики, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш, жабр кўрган аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш ҳамда зўравонликни содир этган шахс билан мажмуавий ишлаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ушбу тизимни бутун мамлакат бўйлаб татбиқ этиш ҳамда минтақалардаги вазиятни соғломлаштириш мақсадида ушбу соҳада фаолият юритувчи давлат ва нодавлат ташкилотлар ходимлари, шу билан бирга, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакилларининг билим ва кўникмаларини ошириш тренинг асосий мақсади этиб белгиланди.
Тренингнинг биринчи кунида гендер тенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, ислом илмида гендер тенглик масалалари, низолар ва зўравонликни олдини олишнинг диний асослари, гендер зўравонлик ва унинг турлари ҳамда гендер зўравонликни идентификация қилиш мавзулари юзасидан зарурий билим ва кўрикмалар берилади.