ННТлар фаолиятида медиасаводхонлик

Аввал хабар берганимиздек, ЎзННТМА қошида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олган ННТлар раҳбарларидан таркиб топган "Тренерлар штаби" шакллантирилган эди. Бугунги кунда мазкур штаб аъзолари жойларда ННТлар фаолиятини ривожлантиришга бағишлаб ўтказилаётган туркум семинарларда иштирок этишмоқда.

Ана шундай семинарнинг навбатдагиси Навоий вилоятида бўлиб ўтди.

Навоий шаҳридаги "Дўстлик ва ННТлар уйи" мажлислар залида вилоятда фаолият олиб бораётган ННТлар вакиллари учун грант лойиҳаларини ёзиш, унда йўл қўйиладиган камчиликларни олдини олиш ҳамда грант лойиҳаларини ОАВларда ёритиш бўйича медиасаводхонликни бойитишга қаратилган семинар  бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси "Тренерлар штаби" аъзоси Зубайда Душанова, Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди раҳбари Ҳамид Жумаев ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Навоий вилоят бўлинмаси раҳбари Клара Бабакуловалар мавзу юзасидан маъруза қилдилар.

Хусусан, "Тренерлар штаби" аъзоси Зубайда Душанова Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган малака ошириш курсларида олган билимлари асосида “Медиасаводхонлик” мавзусида ННТлар фаолиятини ривожлантиришда медиа режалар тузиш, PR менежерлар фаолиятининг аҳамияти тўғрисида маълумот берди. ННТлар сайтини яратиш, улар фаолиятини оммалаштириш, ижтимоий тармоқларда ёритишнинг замонавий усуллари ҳақида тақдимотлар орқали тушунтириб берди.

Тадбир якунида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига янги аъзоликка қабул қилинган ННТларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

ЎзННТМА Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси.