“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ““Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси – халқчил ва инсонпарвар давлат пойдевори” мавзусида жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.
Онлайн ва офлайн тарзда ўтган муҳокамаларда юздан ортиқ ННТлар вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, ЎзННТМА раҳбари Камолиддин Ишанходжаев давлат дастурига фуқароларимиз қаторида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам ўз таклифларини юбораётганликларини қайд этди.
Хусусан, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш ҳамда адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш йўналишларида 100 га яқин таклифлар келиб тушган.
Қолаверса, давлат дастурига таклифлар олиш мақсадида жойлардаги ЎзННТМАнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тадбирлар ташкил этилиб, ННТлардан ва фуқаролардан талифлар олинмоқда. Шу билан бирга, таклифларни 2023.strategy.uz ҳамда davlatdasturi.uz ёки Ҳукуматнинг regulation.gov.uz порталлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги @dscuzbekistan ва @YangiTaraqqiyotStrategiyasi телеграм каналлари орқали юбориш бўйича ҳам тушунчалар берилмоқда.