Мамлакатимизда охирги йилларда амалга оширилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали соҳани жадал ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Таъкидлаш жоизки, жамиятни янгилаш, мамлакатни модернизациялашнинг ҳозирги босқичида фуқаролик жамияти институтлари муҳим ўрин тутади. Шу боис мамлакатимизда уларни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Зеро, фуқаролик жамияти институтлари – нодавлат нотижорат ва сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ОАВ ва бошқалар фуқаролик жамиятининг негизини ташкил қилади, улар жамиятнинг ҳуқуқий онги, маданиятини, ҳуқуқий, сиёсий ва фуқаролик фаоллигини ошишига, миллий ўзлигини англашига, маънавий ва маърифий тафаккурининг бойишига, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш, маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларни қондирилиши ҳамда ўз келажагини ўзи бунёд этишига бевосита таъсир этади. Бир сўз билан айтганда юртимизда адолатли ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш масаласи олдимизга қўйилган устувор мақсадлардан биридир.
Дарҳақиқат, ўтган йиллар давомида қабул қилинган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин, барқарор ва тизимли ривожланиши учун мустаҳкам замин яратди.
Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг изчил ва босқичма-босқич қабул қилиниши натижасида, йилдан йилга тегишли инфратузилма – шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда воситачи сифатида иштирок этувчи, фуқароларнинг турли ижтимоий манфаатларини рўёбга чиқаришга кўмаклашувчи кўплаб нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат ташкилотлари, бирлашмалари ва фондлари, касаба уюшмалари ва сиёсий партиялар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолияти ривожланди ва такомиллашмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган
“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш – давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг асосий йўналиши сифатида белгилаб олинди.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий йилнинг 3-4 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг замонавий босқичида янги саҳифани очиб берди.
Бундан кўзланган асосий мақсад, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратишдир.
Мазкур ҳужжатлар билан 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб қонунчиликда нодавлат нотижорат ташкилотлар учун бир қатор имтиёз ва қулайликлар жорий этилди.
Жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган (маълумот учун) ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан юз бараваригача оширилди. Мазкур норманинг белгиланиши натижасида нодавлат нотижорат ташкилотининг рўйхатдан ўтказувчи орган билан мол-мулк олишни келишиш жараёни янада соддалаштирилди.
Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилди. Ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмаслиги белгиланди.
Эндиликда нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланади, алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинди. 2021 йилнинг 1 мартидан эса, нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмасининг фақат юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланаётганлиги, рўйхатдан ўтказишнинг ягона тартибини белгилаб, алоҳида бўлинманинг молиявий мустақиллиги ва барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ўз фаолиятини вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТ ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланиб, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.
Фармонга кўра, бир қатор ННТлар учун муҳим мақсадли кўрсаткичлар белгиланлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2021 йилда камида 1,2 бараварга, 2025 йилда 1,8 бараварга ошириш кўзда тутилмоқда.
Айни пайтда юртимизда 10 мингга яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат органлари билан бир қаторда ижтимоий шериклик тамойиллари асосида стратегик жиҳатдан муҳим ахамият касб этувчи мақсадларни амалга ошириш йўлида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси аъзолари сонини жами фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонига нисбатан 2021 йилда 10 фоизга, 2025 йилда 30 фоизга етказиш белгиланиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан юқори турувчи ташкилотларга қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан киритилган таклифларнинг умумий сонини 2021 йилда 1000 тага, 2025 йилда 5 000 тага етказилишини таъминлаш вазифаси қўйилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондларига 2021 йилда 16 миллард сўм, 2025 йилда 70 миллард сўм миқдорида маблағлар ажратиш, жорий 2021 йилда 50 та, 2025 йилда эса 250 та нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академиясида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинди. Унга кўра ҳар йил якунлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ва бошқа муҳим фаолият кўрсаткичларига асосан уларнинг рейтинги эълон қилиниб борилади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда шакллантирилади ва индекс натижалари уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
Бундан ташқари, Очиқлик индекси натижаси бўйича “Энг шаффоф нодавлат нотижорат ташкилотлари топ-20” ва “Энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари топ-20” рўйхатлари шакллантирилади.
Шаффофлик стандартини жорий этган нодавлат нотижорат ташкилотларини белгиланган тартибда рағбатлантириш чоралари кўрилади, улар томонидан амалга оширилган ижобий ишлар жамоатчилик ўртасида кенг оммалаштирилади.
Шу билан ННТларнинг моддий-техник базани (оргтехника, компьютер, бошқа техник воситалар, бино билан таъминлаш ҳамда бошқалар) мустаҳкамлашга белгиланган тартибда кўмак берилади ҳамда давлат органлари ва ҳалқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш чоралари кўрилади.
Мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши юртимизда “Кучли давлатдан – кучли фукаролик жамияти сари” концептуал жараёнларни амалиётда янада фаоллашувида, фуқаролик жамияти институтларининг барча тизимларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, ННТларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши билан боғлиқ ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, аҳоли турли катламлари вакилларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, энг асосийси, фуқароларнинг жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнларига шахсий дахлдорлик туйғусини янада кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Янги Ўзбекистон янги ўн йилликка қадам қўйган бир даврда эришган натижаларимизни мустаҳкамлаш, амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самарадорлигига эришиш нафақат давлат органлари, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан ҳам фаоллик ва ташаббускорликни талаб қилади.
Мамлакатимизда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ва мустаҳкам ҳамкорликни ўрнатиш масаласи янада долзарблик касб этмаётганини назарда тутган ҳолда, олдимизда турган мақсадларга эришишимизнинг туб негизида жамоатчилик назорати туришини, бундан кейин ҳам нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш давом этиши, соҳага янгича ёндашув ва муносабат зарурати ҳар доим ёдда тутмоғимиз зарур.
Бахтиёр Машарипов,
ЎзННТМА Кенгаш раисининг биринчи ўринбосари