Фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Маркази Наманган вилояти бўлими томонидан қўлга киритилган “Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови” номли лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот Фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Маркази Наманган вилояти бўлими ва Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти вилоят ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбирда Фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Маркази вилоят бўлими ходимлари томонидан “Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови” лойиҳасининг мақсади тўғрисида маълумот берилди. Хусусан, лойиҳада аҳолининг барча қатламларига мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар ва Бош қомусимиз борасидаги билимларини оширишга, Конституцияда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлиги белгиланган моддаларни кенг тарғиб қилишга ҳамда Конституцияга киритилган ўзгартиришларни тўғри тушунтиришга эътибор қаратилади.
Шундан келиб чиқиб, лойиҳа доирасида 6 ой давомида ҳамкор ташкилотлар билан амалга ошириладиган чора-тадбирларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Тадбир ташкилотчилари лойиҳа доирасида журналистлар ўртасида эълон қилинадиган “Конституциянинг энг яхши тарғиботчиси” кўрик-танловининг мақсад ва мезони ҳақида ҳам айтиб ўтишди ва вилоятда фаолият кўрсатаётган барча ОАВ ва ижтимоий тармоқ вакилларини мазкур кўрик-танловда фаол иштирок этишга даъват этишди.
Тадбир сўнггида Фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Маркази Наманган вилояти бўлимининг ЎзННТМАга аъзолиги тўғрисидаги гувоҳномаси топширилди.
ЎзННТМА Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси