Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди Оқдарё туман муассасаси Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий асоциацияси қошидаги Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 2021 йилда эълон қилинган грант танловининг ғолиби бўлган эди. Мазкур лойиҳа доирасида Оқдарё тумандаги мавжуд 14 та нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда 19 нафар кўнгилли ёшлар билан жами 33 нафар тингловчиларга йил давомида ўқув машғулотларини онлайн ва офлайн тарзда ташкил этди.
“Нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш ҳамда фаолиятларини ахборот, маслаҳат ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги ушбу лойиҳа “Олтин мерос” Оқдарё туман жамоат фондининг раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда ЎзННТМА тренерлар штабининг аъзоси Ойгул Маматова ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Ўқув-услубий, амалий ишлар ўзининг ижобий натижаларини намоён эта бошлади.
Йили давомида тингловчилар томонидан ўнлаб янги лойиҳалар ёзилди. Шулардан 6 таси давлат гранти танловларида ғолиб бўлиб, давлатимиз ислоҳатларига ҳамда фуқаролик жамияти тараққиётининг ривожланишига самарали хизмат қилмоқда.
Тадбирда мактаб, оила ва маҳаллада ўтказилаётган тадбирларнинг маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий аҳамиятини очиқловчи ҳамда тарғиб этувчи “Янги овоз” мультимедиа марказини ташкил этиш" номли янги лойиҳанинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Тадбир қатнашчилари семинар-тренинг машғулоти ҳамда янги лойиҳанинг тақдимотидан сўнг "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасида иштирок этиш анъанасини давом эттириб, "Олтин мерос" ННТ тасарруфидаги "Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳи ҳудудида кўчат экиш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширдилар .
Тадбирда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Самарқанд вилояти бўлими вакиллари, Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси аъзолари, Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, туман ҳокимлиги мутасаддилари, адлия бўлими, туманда фаолият кўрсатаётган барча ННТ раҳбарлари ва Ўқув марказининг тингловчилари иштирок этдилар.
Тадбир қатнашчилари туманда фаолият кўрсатаётган барча нодавлат ва нотижорат ташкилотлари билан давлат ташкилотларининг ҳамкорлиги, жумладан туман ҳокимлиги билан ижтимоий шериклик асосида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо бердилар ва мазкур ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўлйича таклифлар билдирдилар.
Фарҳод Рўзиев,
Оқдарё тумани ННТлари ўқув марказининг ахборот хизмати ходими