ЎзННТМА Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси томонидан фуқаролик жамияти институтлари фаоллари иштирокида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусидаги учрашув ўтказилди.
Тадбирда “Юксалиш” УМҲ Қорақалпоғистон ҳудудий бўлинмаси, “Мадад” ННТ Нукус шаҳри ҳуқуқий маслаҳат бюроси маслаҳатчиси, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Учрашувда ЎзННТМА Қорақалпоғистон ҳудудий бўлинмаси раҳбари Г.Жоллыбекова бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар қабул қилинганлиги ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тўғрисида айтиб ўтди.
Тадбир давомида, “Мадад” ННТ Нукус шаҳри ҳуқуқий маслаҳат бюроси маслаҳатчиси А.Алдамуратова “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” тўғрисида йиғилганларга маълумот берди.
Қорақалпоғистон Республикаси “Махсус олимпиадаси” жамоат бирлашмаси бошлиғи Г.Турсимуратова “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари” тўғрисида маълумот бериб, бу борада олиб бораётган фаолиятида эришилган ютуқлар ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган масалалар хусусида фикр билдирди.
Шунингдек, маърузачилар Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан ННТларининг ҳуқуқий манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мамлакатда ва ҳудудларда нодавлат секторини ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек ННТ ва давлат органлари ўртасида самарали ижтимоий шериклик ҳамда таъсирчан жамоатчилик назоратига асосланган ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида йўлга қўйилган яхши тажрибалар ҳақида тўхталиб, ННТларни муҳокама қилинган масалалар юзасидан ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга чақирдилар.
ЎзННТМА Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси