НАВОИЙДА 1500 НАФАР ЁШЛАРНИ ҚАМРАБ ОЛУВЧИ ЛОЙИҲА ЎЗ ИШИНИ БОШЛАДИ

Навоий шаҳридаги “Дўстлик ва ННТлар уйи”да “Экотуризм ва экоҳуқуқ” биоэкологик маркази жамоат бирлашмасининг ЎзННТМА ҳузуридаги жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Янги Ўзбекистон келажагини замонавий ёшлар билан барпо этамиз” номли грант лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирокчилар лойиҳанинг йўналиши, мақсад ва вазифалари, лойиҳа якунида кутилаётган натижалар билан таништирилди.

“Янги Ўзбекистон келажагини замонавий ёшлар билан барпо этамиз” грант лойиҳаси доирасида Навоий ва Ғозғон шаҳри ҳамда Кармана туманидаги жами 14 та умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 1500 дан ортиқ ёшларни қамраб олиш режалаштирилган. Мактаб ўқувчилари учун тарқатма материаллари, брошюралар, фотоальбомлар тайёрлаб, Кармана ва Нурота туманларига экскурсиялар ташкил қилинади. Қолаверса, “Туризм билимдонлари” кўрик-танлови ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилади, - дейди Навоий вилояти “Экотуризм ва экоҳуқуқ” биоэкологик маркази жамоат бирлашмаси волонтёри И.Тошпўлатов.

Тадбирда шунингдек, мутахассислар томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун грант лойиҳаси бўйича ишларни ташкил этиш, ҳужжатларни юритиш ва ҳисоботларни тайёрлаш юзасидан ҳам тегишли кўрсатмалар берилди.

Бу каби лойиҳалар ёшларни нафақат билимини оширишга, балки, Ватанга бўлган муҳаббатини янада юксалтиришга хизмат қилади, - дейди Конимех туман "LIDER" ёшлар маркази раҳбари Г. Қувватова. —Келгусида биз ҳам ёшларни янада фаолликка ундайдиган, уларнинг дунё қарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган ижтимоий лойиҳалар ишлаб чиқиб, ЎзННТМА қошидаги жамоат фонди томонидан эълон қилинадиган грант танловларида иштирок этишни режа қилганмиз. Ўйлайманки, эртамиз эгаларини келажагига хизмат қиладиган лойиҳалар албатта қўллаб-қувватланади.

 

ЎзННТМА Навоий вилояти бўлими.